Ўзбекистон янгиликлари

Буюк мутафаккирлар меросининг ёшлар маънавиятидаги ўрни

Барчамизга маълумки, феврал ойининг 9 ва 14 санасида Республикамизда улуғ мутафаккир боболаримиз, сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудлари кенг нишонлаб келинади.

Бугун, 13 феврал куни ана шундай тадбирлардан бири Кўкалдош диний таълим муассасасида бўлиб ўтди. “Буюк мутафаккирларимиз ижодий меросининг ёшлар маънавиятидаги аҳамияти” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жоме масжидининг ноиби имоми Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид домла мадраса талабаларига Алишер Навоий ва Муҳаммад Бобур ижодидаги тасаввуф, унинг моҳияти ва ҳозирги кунимиздаги аҳамияти ҳақида тўхталиб, бугунги кундаги мавжуд сохта тариқатлар, тасаввуф таълимотларини бузиб талқин қилаётганлар аҳволи ҳақида айтиб ўтди. Талабаларга биринчи галда шариат илмларини пухта эгаллаб сўнгра тасаввуф илмига қадам қўйиш лозимлиги ҳақида тавсиялар берди.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид сўз давомида икки буюк бобокалонларимиз умри давомида халққа хизмат қилгани, бунёдкорлик, яратувчанлик ишларида шахсий ибрат кўрсатгани, улар барча асарларида ана шу эзгу ғояларни тарғиб этгани ҳақидаги ибратли ҳодисалар ва асарлари мисолида батафсил баён қилиб берди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида таълим муассасаси талабалари томонидан берилган қизиқарли саволларига Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид батафсил жавоб қайтарди.

Учрашув якунида Ҳасанхон домла талабалар ва уларга таълим бераётган мударрислар ҳамда хизмат қилаётган ходимлар ҳаққига дуои-хайрлар қилди.

 

kukaldosh.uz 

Read 904 times

Янгиликлар

Top