Ўзбекистон янгиликлари

Қозиёт ходими республика танловида ғолиб бўлди

20 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар” танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Ушбу тадбир мамлакатимизда 20 февралдан – 28 февралга қадар давом этадиган “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” доирасида ташкил этилди.
Мазкур танловнинг “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган энг яхши видеоролик” номинацияси бўйича – Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ахборот-медиа мутахассиси Нурмуҳаммед Жумағулов 1-ўринни эгаллади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тақдирлаш маросимини очар экан, айни мавзудаги республика танлови Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациясига бағишланганини қайд этиб ўтди.
Ғолибларга ташкилотчилар томонидан 1-даражали диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдим этилди.
Маълумот учун, турли хил танловларда фаол иштирок этувчи Н.Жумағуловнинг шу пайтга қадар 21 марта фахрли ўринларни эгаллаган. Ушбу мутахассисимиз ютуқларининг муносиб тақдирланиши соҳа ходимларининг жамият ижтимоий, илмий салоҳиятини юксалтиришдаги муносиб ҳиссалари учун эътироф ўлароқ кўнгилларга қувонч бағишлайди.

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

Read 860 times

Янгиликлар

Top