Ўзбекистон янгиликлари

Диний таълим сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди

Бугун, 23 февраль куни Андижон вилоятидаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида семинари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун Ғофуров ҳамда идора Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхоновлар қатнашишди.


Семинарда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатида соҳага доир таъкидланган вазифалари алоҳида муҳокама қилинди. Шунингдек, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да билим юртларида таълим сифатини янада ошириш, 1-семестр якунлари, талаба ва педагог-ўқитувчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар сарҳисоб қилиниб, тегишли тавсиялар берилди.


Бундан ташқари, “Экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари”, “Ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш, адашган оқимларга раддия бериш кўникмалари ва услублари” каби махсус курс дарсларини ўқитиш натижалари, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Сўнгра таълим муассасалари раҳбарларининг таклиф ва фикр-мулоҳазалари тингланди ҳамда тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Куннинг иккинчи ярмида таълим муассасалари раҳбарлари “Саййид Муҳйиддин махдум” мадрасасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, янги қурилган ётоқхона биноси, ошхона, ёпиқ спорт зали ҳамда педагог-ўқитувчилар фаолияти билан яқиндан танишди.


Тадбир якунида иштирокчилар семинар юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлаб Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоят вакиллиги ва “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасаси масъулларига миннатдорчилик билдирдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 874 times

Янгиликлар

Top