Самарқанд вилояти имом-хатиблари ҳудудлардаги аҳоли муаммо ва оилавий низоларини ҳал этишда кўмакдош бўлиш мақсадида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ва Ҳадис илми мактабининг 12 нафар талабалари 27 февраль куни Иштихон туманида йиғилдилар. Тумандаги мавжуд 11 та масжид имом-хатиблари билан ҳамкорликда 100 дан зиёд хонадонларга ташриф буюриб, моддий ёрдамлар кўрсатилди. Низоли ҳолатлар маҳалла фаоллари иштирокида бартараф этилди. Пешин намозида жамоат билан диний маърифий суҳбатлар ўтказилди. Сўнгра вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла бош имом-хатибларга керакли кўрсатма ва топшириқлар берди.
Шундан сўнг, Зайниддин домла бошчилигида Полвон ота жоме масжиди ҳовлисида кўчат экиш тадбири ташкил қилинди. Унда 20 дан зиёд мевали кўчатлар экилди.
Шу куни вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов Иштихон туманида давом этаётган сайёр учрашувлар давомида "Полвон ота" жоме масжидида тумандаги маҳалла муллолари ва "Иштихон" жомесида отинойилар билан йиғилиш ўтказди. Унда отинойилар фаолиятини янада такомиллаштириш, жойларда имом-хатиблар билан ҳамкорликда аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш ва вазифаларига масъулиятли бўлишлари юзасидан кўрсатма ва топшириқлар берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати