Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик ​зиёратчиларнинг илк гуруҳи 7 август куни ҳажга жўнаб кетади

Жорий йил 7-23 август кунлари 7346 нафар ўзбекистонлик зиёратчиларни ҳаж сафарига кузатиш бўйича барча ташкилий масалалар ҳал этилган.

Мазкур тадбир “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши қарорлари асосида амалга оширилмоқда.

Зиёратчиларимизга сафар олдидан давлатимиз рамзлари туширилган махсус кийим ва сумкалар, ҳаж қўлланмаси ва видеотасмалар тақдим этилди.

Барча зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур вакциналар билан эмландилар.

Зиёратчилар учун ташкилий масалаларни ҳал этиш мақсадида 28 июль куни 10 кишидан иборат дастлабки ишчи гуруҳи Саудия Арабистони Подшоҳлигига жўнатаб кетди.

Ҳожиларимиз учун Макка ва Мадина шаҳарларида меҳмонхоналардан жойлар ажратилган. Зиёратчиларга транспорт, озиқ-овқат таъминоти ва тиббий хизмат йўлга қўйилади. Меҳмонхонада махсус жиҳозланган ошхона ҳамда тиббиёт маркази ташкил этилган.

Ҳар 49 нафар зиёратчига биттадан тажрибали гуруҳ раҳбари (элликбоши) бириктирилган.

Шунингдек, зиёратчиларга 35 кишидан иборат ишчи гуруҳи, 35 нафар шифокор ва 15 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

Зиёратчилар учун Саудиядаги меҳмонхоналарда сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевиденияси дастурларини томоша қилиш имконияти яратилади.

Зиёратчиларни Саудия Арабистонида кутиб олиш ва кузатиш ишлари Жиддадаги Бош консуллик таркибида жорий этилган ҳаж ва умра масалалари бўйича атташе томонидан ташкил этилади.

Зиёратчилар Мадина шаҳрини 4 кун зиёрат қилганларидан сўнг Макка шаҳрига йўл оладилар.

7 август куни иккита авиарейсда Тошкент ва Наманган шаҳридан 459 нафар зиёратчилар Мадина шаҳрига кузатиладилар.

Зиёратчиларнинг ҳаж сафарини ташкиллаштириш бўйича Тошкент шаҳридаги “Новза” масжидида махсус штаб ташкил қилинган.

Ҳаж сафаридан зиёратчилар 8-24 сентябрь кунлари қайтишлари режалаштирилган.

 

Read 7911 times

Янгиликлар

Top