Ўзбекистон янгиликлари

Диний таълим муассасалари талабалари “Ичан қалъа”га саёҳат қилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Жаҳолатга қарши – маърифат” интеллектуал беллашуви ташкил этиб келинмоқда. Мазкур беллашувнинг жорий йилги биринчи босқичи февраль ойида диний таълим муассасалари кесимида бўлиб ўтган эди.


2023 йил 14 март куни мазкур беллашувда ғолибликни қўлга киритган 3 та олий, 10 та ўрта махсус диний таълим муассасалари жамоалари Республика босқичида иштирок этиш учун Хоразм вилоятига етиб келди. Иштирокчилар мезбон таълим муассасаси масъуллари томонидан юқори даражада кутиб олинди.
Шунингдек, меҳмонларни Хоразм вилоятидаги диққатга сазовор жойлар билан яқиндан таништириш мақсадида жорий йилнинг 15 март куни Хива шаҳрида жойлашган Ўрта Осиёдаги йирик ва ноёб меъморий ёдгорликлардан бири бўлган “Ичан қалъа” мажмуасига саёҳат ташкил этилди. Талабалар саёҳат давомида Ичан қалъа меъморий шаҳарча ҳудудидаги Жума масжиди, Муҳаммад Аминхон, Оллоқулихон, Қутлиғ Мурод Иноқ, Шерғозихон мадрасалари, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси ҳамда бошқа меъморий обидалар билан яқин танишдилар.


Саёҳат давомида талабалар юртимизнинг бой маданий мероси, тарихий обидаларимизнинг ўтмиши ва бугунги куни, минтақада яшаб ўтган тарихий шахслар тўғрисида кенг қамровли маълумотлар олдилар. Талабалар ташкил қилинган саёҳатдан кайфиятлари кўтарилгани, ўзлари учун муҳим маълумотларни олганини таъкидлаб, давлатимиз томонидан ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятларга миннатдорчилик билдирдилар.
Эслатиб ўтамиз, “Жаҳолатга қарши – маърифат” интеллектуал беллашувининг Республика босқичи жорий йилнинг 16 март куни Хоразм вилоятидаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида бўлиб ўтади.



ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими

Read 867 times

Янгиликлар

Top