Ўзбекистон янгиликлари

«Ҳазрати Билол» масжиди очилди

Ойлар султони Рамазонга ҳам саноқли кунлар қолди. Табиийки, бу муборак ой арафасида масжидларимизни янада обод қилиш, жомеларнинг янги қурилган биноларини фойдаланишга топшириш мақсадга мувофиқ ишдир.

16 март Тошкент вилояти Тошкент туманидаги "Ҳазрати Билол" масжиди янги биносининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, туманлар имомлари, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар иштирок этди.
Ҳомиджон домланинг мавъизалари йиғилганларга манзур бўлди.

– Масжидимиз анча йиллар олдин чегара ҳудудида жойлашган эди. Биноси ҳам эски, кўримсиз бўлиб қолганди, – дейди "Ҳазрати Билол" масжиди имом-хатиби Мухтор Абдужалилов. – Шу боис бу жоме "снос"га тушди. Раҳбарлар билан маслаҳатлашиб, масжидимизни "Хиёбон" маҳалласи ҳудудига кўчирдик ва у ердаги маҳаллий масжид ўрнида замонавий, барча қулайликларга эга янги жоме қад ростлади. Айни пайтда масжидимиз хонақоҳида 1,2 минг киши бемалол ибодатларни адо этиши мумкин. 25 метрлик минора ва 15 метрлик гумбаз яқин атрофдан ўтадиган мўмин-мусулмонларга маёқ вазифасини ўтайди. 40 ўринли таҳоратхона эса ибодатдан аввал покланиб олишимиз учун айни муддаодир.

Эндиликда "Хиёбон" маҳалласи намозхонлари мамнун. Чунки улар бу йилги Рамазонни, таровеҳларни гўзал масжидда адо этадилар.
Аллоҳнинг байти обод бўлишига ҳисса қўшган барча азизларимиздан Яратган рози бўлсин.

 

 

 

Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Read 867 times

Янгиликлар

Top