Ўзбекистон янгиликлари

Азизбек ЖЎРАЕВ: Имом Бухорий мажмуида реконструкция ва қурилиш жараёнлари қизғин олиб борилмоқда

Дунёга маълуму машҳур Самарқандда бугун улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу ишлар эса қадимий шаҳарнинг нуфузини ошириб, дунё аҳли эътиборини ўзига жалб қилмоқда.

Миллий ва замонавий бунёдкорликни ўзида ифода этган Самарқанд халқаро туристик маркази “Боқий шаҳар” мажмуаси, Самарқанд халқаро аэропорти каби улкан иншоотларнинг бунёд этилгани мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.

Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мақбараси ислом олами учун табаррук зиёратгоҳлардан бири бўлиб, Президентимиз ташаббуси билан бугунги кунда мажмуа қайта қурилмоқда.

Бу ерда амалга оширилаётган реконструкция жараёнлари ҳақида ушбу мажмуа қурилиши раҳбари Азизбек Жўраев қуйидагиларни гапириб берди.

– Таъкидлаш керакки, буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий дафн этилган мазкур ёдгорлик мажмуаси Ислом оламида юксак эътиборга эга бўлган масканлардан бири ҳисобланади, –деди А. Жўраев. – Мажмуадаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари жараёнида Имом Бухорий мақбараси ҳозирги кўриниши сақланган ҳолда реконструкция қилинади.

Мажмуа реконструкцияси “Enter Engineering” компаниялари гуруҳи томонидан амалга оширилаяпти. Асосий буюртмачи Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Injiniring” компанияси ҳисобланади. Ундаги барча ишлар хайрия фондлари ҳисобига молиялаштирилмоқда.

Мазкур лойиҳа бўйича қарийб 5 гектар майдонда янги замонавий мажмуа қурилиш кўзда тутилган. 10 минг намозхонга мўлжалланган масжид, тўртта минора, айвонлар барпо этиляпти. Унда қад ростлаган 4 та миноранинг баландлиги 75 метр, масжид гумбазининг бадандлиги 35 метрни ташкил этади. Шунингдек, мажмуа ёнида меҳмонхоналар, автотураргоҳ, автобекат, ошхоналар, савдо расталари, таҳоратхоналар ҳам қурилади.

Бугунги кунга келиб, мажмуада темир-бетон монолет бўйича асосий бетон ишлари якунланди. Металл конструкцияларни ўрнатиш ҳам якуний босқичда. Ҳозир алоҳида ишлар бошланди. Масалан, мажмуа фасадининг бир қисми юнон оқ мармари билан қопланганини кўришингиз мумкин. Унинг ички қисми португал мармари билан қопланиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, Ҳиндистон, Хитойдан материаллар олиб келинади, масалан, масжидга ўрнатиладиган катта декоратив қандиллар Австриядан келтирилади. Муҳандислик тизимлари асосан Германия, Австрия, Франциядан келтириш мўлжалланмоқда.

Лойиҳанинг асосий чизмасини маҳаллий архитектор Абдуқаҳҳор Турдиев амалга оширган. А.Турдиев нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсдаги архитектордир. Хабарингиз бўлса, Чеченистон Республикасининг Шали шаҳрида масжид қурилган. Мазкур масжиднинг бош архитектори ҳам Абдуқаҳҳор Турдиевдир. Эътибор қаратилса, дизайн жуда ўхшаш, айниқса, гумбаз кўриниши анъанавий ўзбек шаклида бўлиб, у турк гумбазларидан фарқ қилади.

Айни чоғда бу ерда ишлар жуда қизғин кетяпти. Унда алоҳида бажариладиган ишлар, жумладан, ҳунармандларнинг қўл ишларини инобатга олиб, мажмуадаги барча жараёнлар келгуси 2024 йилда якунланиши режалаштирилган.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди

Read 1297 times

Янгиликлар

Top