Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Туркия элчисининг маслаҳатчисини қабул қилдилар

Шу йил 10 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Туркиянинг Ўзбекистондаги элчисининг диний хизматлар бўйича маслаҳатчиси Маҳмуд Туркни қабул қилдилар.

Муфтий ҳазратлари меҳмонни ташриф билан қутлаб, янги лавозимдаги фаолиятига муваффақият тилаб хайрли тилаклар билдирдилар.

Самимий мулақот чоғида Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дўстона муносабатлар барча соҳалар қатори диний соҳада янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, Диний идора фаолияти, амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида мухтасар маълумот бердилар.

Ўз навбатида мартабали меҳмон Маҳмуд Турк ҳам илиқ қабул ва хайрли тилаклар учун миннатдорчилик билдириб, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раҳбари Али Эрбошнинг салом ва дуоларини етказди ва икки давлат ўртасидаги яқин дўстона алоқаларни диний соҳада ҳам давом этишга ҳисса қўшиш орзуси эканини билдирди.

Самимий ва дўстони руҳда ўтган учрашув якунида томонлар ўзаро эсдалик ҳадялар алмашишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 1093 times

Янгиликлар

Top