Ўзбекистон янгиликлари

Масжидлар қурилишига 1 миллиард сўмдан зиёд кўмак кўрсатилди

Динимиз мўмин-мусулмонларни масжид ва мадрасалар қуриш ва уни обод этишга чақириб, бу хайрли ишни Аллоҳнинг ризосига эриштирадиган ва жаннатга олиб борадиган йўл деб таълим берган.

Айни мақсадни кўзлаган ҳолда юртимизда масжидлар обод этилиб, намозхонларга зарур шароитлар яратилиши, бинолари эскириб қолганлари ўрнида миллий ва замонавий меъморий услубда кенг ва шинам янги масжидлар қад ростлашига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташаббуси билан масжидлар қуриш ва обод қилиш, диний таълим муассасаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ҳомийлар жалб этилган ҳолда Тошкент шаҳридаги “Бектемир”, Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Қози маҳалла”, Янгийўл туманидаги “Имом Султон”, Андижон вилоятидаги “Шаҳидтепа” ва “Ўқчи”, Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Хўжалар”, Жиззах вилояти Бахмал туманидаги “Ҳисорий домла”, Шароф Рашидов туманидаги “Учтепа” ва “Нонисангил”, Наманган вилояти Поп туманидаги “Саййид Жалолхўжа”, Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги “Боғизағон” масжидларига, Пастдарғом туманидаги "Йўлдошобод" масжидиги, Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактаби, Хоразм вилоятидаги Фахриддин ар-Розий, Қашқадарё вилоятидаги Ҳўжа Бухорий мадрасасига жами қарийб 1 миллиард сўмга яқин бўлган қурилиш ашёлари етказиб берилди.

Мана шундай хайрли ҳаракатлар келгусида ҳам давом эттирилади, иншаАллоҳ!

Дарҳақиқат, динимизда масжид ва мадрасаларни обод қилиш, уларга ҳар томонлама кўмак беришга тарғиб этади. Усмон розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради”, деганларини эшитганман». Бошқа бир ривоятда: “Жаннатда бир уй”, дейилган (Бешовларидан, фақат Имом Абу Довуд ривоят қилмаган).

Аллоҳнинг байтини обод қилаётган, халққа фойдаси тегаётганларга улкан ажру мукофотлар насиб қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими

Read 1036 times

Янгиликлар

Top