Ўзбекистон янгиликлари

77 нафар битирувчилар имом-хатиб ва мударрислик вазифаларига тақсимот қилинди

Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири С.Шерхонов, бўлим мутахассиси А.Дусматов ва Масжидлар бўлими мудири Музаффар Камолов иштирокида кундузги таълим йўналиши битирувчи курс талабалари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Учрашувда ТИИ ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Ўқув ишлари бўйича проректор Ё.Бухарбаев ҳам иштирок этиб, битирувчилар иш тақсимоти лойиҳаси билан таништирилди.

Маълумот учун, мазкур 2022-2023 ўқув йилида институтни кундузги таълим йўналиши бўйича 66 нафар йигитлар ва 11 нафар аёл-қизлар, жами 77 нафар талаба битирмоқда.

Уларга, юртимиздаги масжидларга имом-хатиб, ноиб имом ҳамда ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқитувчи вазифаларида ишлаш учун йўлланма берилади.

Магистратура босқичида таълимни давом эттирмоқчи бўлган битирувчилар республика олий таълим муассасаларидан бирига ҳужжат топширишлари мумкин.

Халқнинг диний эҳтиёжларини қондиришда масжидлар ҳамда диний ходимларнинг хизмати катта ўрин тутади. Масжид имом ва ноиблари жамоатга намозларни адо қилиб бериши билан бирга кундалик масалаларда мусулмонларга йўл-йўриқ кўрсатиши, уларнинг дардига қулоқ солиб, қийнаётган муаммоларига ечим топиш орқали ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этадилар. Шунинг учун бўлажак имом-хатиб вазифасида ишловчи талабаларнинг илмий савияси, дунёқараши ва шахсий сифатлари талаб даражасида бўлиши лозим.

Масжид меҳроби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос экан, У зотга муносиб бўладиган диний соҳа ходимларини тайёрлаш асосий вазифа ҳисобланади.

ТИИ Матбуот хизмати

Read 858 times

Янгиликлар

Top