Ўзбекистон янгиликлари

Индонезиядан келадиган сайёҳлар оқими кўпаяди

Юртимизда меҳмон бўлиб турган Индонезия Республикаси парламенти вакиллар палатаси спикери ўринбосари Раҳмат Гобел бошчилигидаги делагация Самарқандга келди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан учрашув чоғида кейинги йилларда Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, зиёрат туризми соҳасидаги алоқалар икки томон учун ҳам манфаатли бўлаётгани қайд этилди. Жорий йил февраль ойида Самарқанд вилояти делегациясининг Индонезияга сафари давомида саёҳлик бўйича ҳамкорлик юзасидан келишувларга эришилган эди. Жорий йилнинг 27 апрелидан эътиборан “Тошкент – Жакарта” йўналишида тўғридан-тўғри авиа қатновлар йўлга қўйилди. Ушбу йўналишдаги илк парвозда юртимизга ташриф буюрган Раҳмат Гобел индонезияликларнинг Ўзбекистонга қизиқиши юқорилигини билдирди. Айниқса, Самарқанддаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш истагида бўлганлар кўпчиликни ташкил этиши таъкидланди.  

Хорижлик сайёҳлар учун юртимизда яратилаётган имконият ва қулайликлар Индонезиядан ҳам Ўзбекистонга келадиган туристлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилади.  

Учрашувда турли соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболлари ҳам муҳокама этилди. Индонезия парламенти делегацияси Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб, вилоятнинг туризм инфратузилмаси билан яқиндан танишди. 

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА

manba: https://uza.uz/uz/posts/indoneziyadan-keladigan-sayyohlar-oqimi-kopayadi_477675

Read 957 times

Янгиликлар

Top