Ўзбекистон янгиликлари

Мисрлик уламолар Тошкент ислом институтида

Жорий йилнинг 3 май куни Мисрнинг ал-Азҳар университети Ақида кафедраси мудири доктор Аввод Маҳмуд Солим, доктор Муҳаммад Абдулазиз Мишъал ҳамда катта устоз Амал Усмонлар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ташриф буюрди.
Доктор Аввод Маҳмуд Солим Тошкент ислом институти устозларига “Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби – васатия йўли” мавзусида семенар-тренинг ўтиб берди. Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодий қарашлари нақлий ва ақлий далиллар устига қурилган бўлиб, ҳақ мазҳаб эканини атрофлича ёритиб берди.
Устоз Муҳаммад Абдулазиз Мишъал модуль таълим шакли талабалари билан учрашиб, уларга “Ақида илмининг аҳамияти” мавзусида илмий суҳбат қилиб берди. Суҳбатда ақида илмини алоҳида йўналиш сифатида шаклланишининг тарихий жараёни ҳақида, шунингдек, соф ақидага зид бўлган айрим тоифаларнинг келиб чиқиш сабаби тўғрисида далиллар билан гапириб берди. Айни чоғда ақидавий масалаларда оммани чалғитаётган ғояларнинг хатари ҳақида тўхталар экан, соф ақида ҳимояcи учун илм аҳли томонидан жуда катта меҳнат талаб қилинишини ҳам таъкидлаб ўтди. Суҳбатдан сўнг талабалар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, қониқарли жавоб олдилар.
Шунингдек, Ал-Азҳар университети ўқитувчиси Амал Усмон аёл-қиз устозлар ва талабаларга давра суҳбати ўтказиб берди. Суҳбат жараёнида Амал Усмон Мотуридия ақидавий таълимоти ҳақида, Мотуридия мадрасасининг ислом динида тутган ўрни ва Имом Мотуридий ақидавий мазҳабининг ўзига хос томонлари ҳақида маълумотлар бериб ўтди. Суҳбат ўзаро фикр алмашинув тарзида давом этди.
Мисрлик олимларларга Тошкент ислом институти томонидан эсдалик совға ва ташаккурномалар тақдим этилди.
Шу куни мисрлик уламолар Абу Бакр Қаффоли Шоший мақбарасини зиёрат қилиб, у ерда қўним топган улуғ авлиёлар, уламолар ва муфтийларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилишди.
Шунингдек, Бароқхон мадрасаси ва Мусҳафи Усмонни зиёрат қилишди. Ўзбекистондаги Цивилизация маркази қурилиши ва ундаги барпо қилинадиган бўлимлар билан танишишди.

 

 

 

 

 

 

 

Тошкент ислом институти Матбуот хизмати

Read 973 times

Янгиликлар

Top