Ўзбекистон янгиликлари

“Фитна – кўз илғамас хатар” китоби самарқандлик имом-хатиблар эътирофида

Бугун дунёда турли таҳдидлар, хавфлар шунчалик кўпайганки, уларнинг ичида энг хатарлиси кўз илғамас фитналардир. Зеро, фитна бирор-бир замон ёки маконга хос эмас. Шундай экан ҳар бир инсон бу каби иллатлардан сергак ва огоҳ бўлиши лозим.
Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Халқаро ислом академияси фахрий доктори, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари томонидан яқинда таълиф этилган “Фитна – кўз илғамас хатар” номли рисола айнан фитналардан огоҳ этувчи муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Чунки рисолада фитнани келтириб чиқарувчи омиллар, унинг офатлари ва олдини олиш йўллари ҳар бир китобхонга тушунарли шаклда ёзилган.
Бугун, 15 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигида мазкур китобнинг тадимоти ва имом-хатибларга топшириш тадбири ўтказилди. Унда вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов рисолани имом-хатибларга таништириш асносида у мўъжазгина бўлишига қарамай, фитналарга оид хилма-хил мавзуларни қамраб олгани, ноёб маълумотлар ифода қилингани билан янада аҳамиятли эканини қайд этди. Шунингдек, китобни инновацион қулайликлар ила бойитилгани, айниқса, ҳар бир мавзу QR код орқали электрон шаклда ҳам мутолаа қилиш имконияти унинг фойдалилигини ниҳоятда оширишини қўшимча қилди.
Тадбир давомида Зайниддин домла мазкур китобни имом-хатибларга топширар экан, рисоладаги “Фитна нима?”, “Ҳадисларда фитна мавзуси”, “Ислом давридаги катта фитна”, “Фитналардан паноҳ сўранг”, “Жаҳолат ҳам фитна”, “Энг ёмон фитначи шайтондир!” ва “Фитнадан сақланган энг бахтли кишидир” каби мавзулар кенг баён этилгани ва жамоатга мавъизаларда, маърифий тадбирларда ушбу мавзулардан фойдаланиш мақсадга мувофиқлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбир якунида имом-хатиблар мазкур китобнинг муаллифи муфтий Нуриддин домла ҳазратларини ва нашрдан чиқишда хизматда бўлиб, ўз ҳиссасини қўшганларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур китоб вилоятдаги барча масжид кутубхоналарига фойдаланиш учун бепул ажратилади.
Аллоҳ таоло ушбу китобни халқимизга муборак айласин ва манфаатли қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Read 838 times

Янгиликлар

Top