11 ой бизни муштоқ этиб келган Рамазон ойи ҳам бир зумда бизларни тарк этиб кетди.
Вақф хайрия жамоат фонди томонидан мазкур ой давомида саховатпеша ҳомийлар билан ҳамкорликда кенг кўламли хайрия ишлари амалга оширилиб, минглаб ҳамюртларимизнинг қалбига қувонч улашилди.
Жумладан:
Рамазон ойи давомида фонд ҳисоб рақамларига сахий ва қўли очиқ ҳамюртларимиз томонидан жами 2 миллиард 48 миллион 770 минг сўм маблағ келиб тушган бўлса, хайрия лойиҳалари учун жами 2 миллиард 446миллион 110 минг сўм сарфланди.
Шунингдек, муборак ой давомида диний таълим муассасалари талабалари учун “Закот акцияси” эълон қилиниб, ушбу лойиҳа доирасида фонднинг закот ҳисоб рақамига 1 миллиард 24 миллион 443 минг сўм маблағ келиб тушди. Мазкур маблағлар Рамазон ойи сўнгида мамлакатимизда фаолият юритаётган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 13 та диний таълим муассасаларининг 205 нафар закотга ҳақдор талабаларининг тўлов шартномалари учун сарфланди.
Бундан ташқари Рамазон ойида 250 дан ортиқ диний соҳа ходимларига жами 926 311 640 сўмлик моддий ёрдам ва рағбатлантириш мақсадида пул маблағлари хайрия қилинди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Рамазон ҳайити байрами муносабати билан, Фонд томонидан ҳомийлар иштирокида боқувчиси йўқ, етим, ногиронлиги бор бўлган болажонлар ҳамда диний соҳа ходимларининг фарзандлари учун, Пойтахтимиздаги “Анҳор” боғида байрам тадбири ташкил этилди. Мазкур тадбир учун жами 216 миллион сўм сарфланди.
Улуғ ойда, Буюк Аллоҳ розилиги учун ночор ва ҳақдор инсонларнинг қалбига қувонч ва оилаларига яхшилик улашишда, биз билан ҳамкорлик қилган, кўмакчи бўлган, далолат қилган барча ҳамюртларимизга Аллоҳ таолодан ажр ва мукофотлар сўраб қоламиз! Аллоҳ таоло барчамизни Яхшилик қилишда бардавом қилиб, амалларимизни даргоҳида ҳусни қабул айласин!