Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат қайта бунёд этилган жоме масжидга ташриф буюрдилар

Бугун, 19 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида қайта бунёд этилган "Дорул омон" жомесининг янги биноси очилиш маросими ва жума намозига ташриф буюрдилар.

Жума намози аввалида Муфтий ҳазратлари масжид қавмини қайта қурилган гўзал ва шинам масжид билан қутлаб, уни бунёд этишга ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳаққига хайрли дуо қилдилар. Сўнг жамоатга Ислом дини нуқтаи назарида муфлис, яъни касодга учраган кимса ким экани ҳақидаги бир ҳадиси шарифни шарҳлаб, ундан олинадиган ўгит ва манфаатлар ҳақида мавъиза қилдилар.

Муфтий ҳазратларининг яхшиликка ундовчи файзли суҳбатларидан сўнг жума намози адо этилиб, Қуръон тиловат қилинди, масжид бунёдкорларига эзгу ниятлар билдирилди, халқимиз фаровонлиги ва жамоат ҳаққига хайрли дуолар ўқилди.

Маълумот ўрнида, "Дорул омон" жоме масжидин янги биносини қайтадан қуриш ишлари 2019 йил бошланган бўлган. Бу вақтга қадар масжид тор ва кўримсиз ҳолатда эди. Намозхонлар сиғими ҳам камлиги боис, жума намозларида жамоатга кўплаб ноқулайликлар туғдирарди. Бу ҳолат масжид маъмурияти ва маҳалла аҳли қаттиқ ташвишга қўйиб, масжиднинг янги биносини қуриш ишларига киришилди.

Орадан бир неча йил ўтиб, эски иншоот ўрнида замонавий барча қулайликлар эга масжид қад ростлади. Айни дамда мажмуанинг умумий майдони ярим гектарни ташкил этиб, маъмурият биносининг умумий ҳажми 1,5 метр кв. ташкил этади. Уч қаватли масжиднинг янги хонақоҳи, айвонлари, ер тўласи билан қўшиб ҳисоблаганда тўрт мингдан зиёд одамни сиғдира олади. Унда совуқ ва иссиқ кунлар учун барча шароит яратилган.

Мажмуада маъмурият хоналари, замонавий кутубхона, мажлислар зали ва бошқа қўшимча бинолар ҳам ўрин олган. Таҳоратхонаси бир вақтнинг ўзида 70-80 кишига хизмат кўрсатади. 36 метрли минора масжидга ўзгача файзу виқор бахш этиб турибди. Шу билан бирга кенг автотураргоҳ ва масжиднинг экологик тоза, яъни дарахтзорлар ёнгинасида жойлашгани кишига ўзгача кайфият улашади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1086 times

Янгиликлар

Top