Ўзбекистон янгиликлари

Ҳалима Яқуб мамлакатимиздаги диний конфессия раҳбарлари билан учрашди

Аввал хабар берилганидек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан, Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турибди.

Сингапур раҳбари бугун Тошкент шаҳрида мамлакатимиздаги диний конфессиялар раҳбарлари билан учрашди.

Мулоқот давомида Осиё юрагида жойлашган қадим Мовароуннаҳр ва ҳозирги Ўзбекистон замини, Буюк ипак йўли орқали турли минтақа, қитъалар, маданият ва илмларни боғловчи марказ бўлгани қайд этилди. Ўтмишда зардуштийлик, буддавийлик ривожланган ҳудудга ислом дини кириб келгач, бу заминдан Имом Бухорий, Абу Исо Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний каби буюк алломалар етишиб чиққан.

Суҳбат чоғида Президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров меҳмонларга юртимизда давлат раҳбари ташаббуси билан барча соҳалар қатори, диний-маърифий жабҳада, хусусан, дин ва эътиқод эркинлиги йўналишида турли дин вакиллари учун яратилган қатор янгилик, қулайликлар ҳақида маълумот берди. Бир неча янги масжид, черковлар қад ростлаб, илмий-тадқиқот марказлари, олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари очилмоқда. 

Ҳозирги кунда республикада 16 диний конфессия мавжуд бўлиб, давлат рўйхатидан ўтказилган диний ташкилотлар сони 2346 тани ташкил этмоқда. Шундан 2149 таси исломий ва 197 таси турли ноисломий конфессиялар ҳисобланади. Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда эса Ҳадис илмий мактаби фаолиятини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ҳалима Яқуб хоним диний бағрикенглик борасида Ўзбекистоннинг илғор ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганини қайд этди. 2018 йил декабрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси ялпи сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев таклиф этган “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси қабул қилингани фикримизни исботлайди.

Ўзбекистоннинг ушбу ташаббуси дунёда тинчлик-осойишталикни сақлаш, диний бағрикенгликни таъминлашда нақадар катта аҳамиятга эгалиги бугунги мураккаб даврда яққол намоён бўлмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар халқаро майдонда ҳам юқори даражада эътироф этилмоқда. Бунга 2020 йил декабрда АҚШ Давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик бўйича “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”дан чиқарилганини мисол қилиб келтириш мумкин.

Учрашувда диний конфессия раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, яратилган қулайликлар, эътиқод эркинлиги борасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини таъкидладилар.

 

Гўзал Сатторова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат),

манба: ЎзА

Read 1142 times

Янгиликлар

Top