Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Малайзия ҳамкорлигида халқаро анжуман ташкил этилди

Жорий йил 24-25 май кунлари Малайзия Ислом цивилизацияси институтида “Ислом цивилизациясининг буюк алломалари” мавзусидаги учинчи халқаро илмий-амалий семинар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Семинар Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказлари билан ўзаро ҳамкорликда бўлиб ўтди.
Анжуман ишида 100 дан ортиқ иштирокчи, хусусан, икки мамлакат илмий-тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасалари вакиллари ва етакчи олимлар қатнашди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Малайзия дин ишлар вазири Моҳд Наим бин Мохтар икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар соҳада самарали ҳамкорликни ижобий баҳолар экан, дўстона алоқаларни янада ривожлантиришдан Малайзия томони манфаатдор эканлигини алоҳида таъкидлади.
Вазир Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар тарихда иккита Маърифий Ренессансга асос солганини алоҳида эътироф этди. “Уларнинг илмий-ижодий кашфиётлари умумбашарият тараққиёти ривожига мислсиз ҳисса қўшган. Мазкур бой меросни ўрганишга Малайзияда ҳам катта қизиқиш мавжуд. Икки мамлакат илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик ушбу меросимизни чуқур тадқиқ қилиш ва кенг тарғиб этишга катта ҳисса қўшаётгани қувонарли ҳолдир”, деди у.
Тадбир давомида Малайзия ва Ўзбекистон олимлари ҳамкорлигида нашр этилган “Ислом цивилизациясининг мутафаккирлари” номли китобнинг тақдимот маросими ҳам ўтказилди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон ҳаётининг барча жабҳаларида, хусусан, диний-маърифий соҳада татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ислом цивилизациясининг маънавий-интеллектуал меросини тадқиқ қилиш ва тарғиб этиш борасида республикада кейинги йилларда амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ва лойиҳаларга оид батафсил маълумот берилди.
Анжуман давомида жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган мусулмон дунёсининг буюк алломалари ҳаёти ва илмий мероси бўйича тақдимотлар ўтказилди. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Муҳаммад Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби мутафаккирларнинг мероси ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Шунингдек, Малайзия томони вакилларининг эътиборига Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти, “Ўзбекистон – ислом цивилизацияси маркази” ва “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” брендлари тўғрисидаги батафсил маълумотлар ҳавола қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 656 times

Янгиликлар

Top