Ўзбекистон янгиликлари

Ҳаётимиз фарзандлар қувончи ва кулгуси ила бахтга тўлсин!

Аллоҳ таоло бандаларига берган энг улуғ неъмати фарзанд неъматидир. Ҳа, фарзанд Аллоҳ таолонинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматидир. У дунё ҳаётининг зийнатидир.

Она диёримизда ҳам инсонга бўлган эътибор, хусусан, фарзандларимизни таълим-тарбияли қилиб ўстиришга, уларни ватанга садоқат, мустаҳкам иймон ва эътиқод соҳиби қилиб камол топтириш ҳар қачонгидан ҳам кўра долзарб вазифага айланган. Уларнинг соғлом, илм-маърифатли ҳамда дину диёнатли бўлиб улғайишлари учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда.

Юртимизда 1 июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” куни сифатида кенг нишонланади. Мазкур сана муносабати билан болажонларга қувонч ва меҳр улашилди. Жумладан, вилоят вакиллиги ходимлари ҳамда Фарғона шаҳар имом-хатиблари “Вилоят болалар марказий шифохонаси”га ташриф буюриб, шифохонада даволанаётган болалар ҳолидан хабар олдилар.

Вилоят марказий шифохонасида болажонлар ҳамда уларнинг ота-оналари, шунингдек, беморлар жонига оро бўлиб турган шифокорлар билан дилдан суҳбатлашилди. Уларга уламолар, хусусан, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаевнинг салом ва дуолари етказилди, болажонларга байрамона кайфият улашиш мақсадида ўйинчоқлар ҳадя қилинди.

Улуғлардан баъзилари бир-бирларига: “…Болангни икром қил ва унинг одобини гўзал қил” дея эслатишар экан. Бу эса, болаларга ҳурмат-эҳтиром ила муомала қилиш ва уларга гўзал одоб беришга чорлашдир. 

“Фарзандлар – жаннат райҳонларидир”. Шундай экан, ҳеч бир ота-онага фарзанд доғини кўрсатмасин! Ҳаётимиз фарзандлар қувончи ва кулгуси ила бахтга тўлсин!

 

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Read 898 times

Янгиликлар

Top