Аллоҳга беҳад шукрлар бўлсинки, динимизнинг бeшинчи аркони бўлган Ҳаж зиёратига йўл олиш ҳам бошланди. Бундан қувонган юртдошларимиз қалбида қувонч, дилларида шукроналик билан муборак сафар томон отланишмоқда.
Шу 4 июнь куни бўлғуси ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳини кузатиш учун Президент маслаҳатчиси, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида жам бўлишди.
Кузатиш жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари иштирок этиб, Аллоҳ таолонинг байти сари йўл олаётган зиёратчилар эсон-омон муборак қадамжоларни зиёрат қилиб келишлари, ушбу зиёратни юртимиз ва бутун дунё мусулмонларига бардавом қилишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Шундай қилиб, орзулари рўёбидан ҳис-ҳаяжонга тўлган “Ҳаж – 2023” мавсумининг илк зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.
Эслатиб ўтамиз, зиёратчилар шу йилнинг 4 -19 июнь кунлари ҳаж сафарига кузатилади.
Аллоҳ таоло Ҳаж амалини адо этишга отланган юртдошларимизнинг сафарларини муборак қилсин, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @Muftiy_Nuriddin_domla | @mp3muslim | @diniysavollar