Ўзбекистон янгиликлари

Оппоқ эҳромларни ўраган илк зиёратчилар Байтуллоҳга йўл олди

Бугун, 6 июнь куни аср намозидан сўнг Мадинаи мунавварада ибодат ва зиёратларни адо этаётган ўзбекистонлик ҳожиларнинг дастлабки гуруҳлари умра ниятида оппоқ эҳромда замонавий автобусларда Маккаи мукаррамага йўл олади.

Таъкидлаш жоиз, “Ҳаж – 2023” мавсумида зиёратчилармизга намунали хизмат кўрсатиш ва ҳаж ибодатларини гўзал адо қилишлари учун айни кунларда Ишчи гуруҳи томонидан Макка шаҳрида ҳам жорий мавсумга кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. 

Айни пайтда мазкур вакилларимиз томонидан Ўзбекистон зиёратчилари истиқомат қилиши режалаштирилган Макка шаҳридаги “Roshidiya”, “Abraj al-Dana”, “Laba Darna”, “Ruba al-Hijaz” меҳмонхоналари тўлиқ кўздан кечирилди. Хусусан, ҳар бир хона замонавий мебел ва қурулмалар билан жиҳозланганлиги, ювиниш хонасидаги шароитлар, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим борлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумот учун, муқаддас икки шаҳарнинг ораси 460 километрни ташкил этади. Ушбу масофа замонавий автобусларда ўртача тезликда 5-6 соатда босиб ўтилади. Аммо эҳром боғлаб, Зул-Ҳулайфада умрага ният қилган, тилидан “лаббайка” тушмаган ҳожиларимизга йўл олислиги ва Маккаи мукаррама шаҳрига етиб борганларини сезмай ҳам қолишади, иншоАллоҳ. 

Аллоҳ таоло Маккаи мукаррамага отланган юртдошларимизнинг сафарларини муборак қилсин, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин!

Ҳаж сафари билан боғлиқ сўнгги янгиликларни каналимизда биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 982 times

Янгиликлар

Top