Ўзбекистон янгиликлари

Зиёратчилар Ҳаж сафарига жўнаб кетди

Наманган халқаро аэропортида “Наманган – Мадина” йўналиши бўйича биринчи парвоз амалга оширилди. “Uzbekistan airways” авиакомпаниясининг “Boeing -767” русумли ҳаво лайнери орқали Наманган вилоятидан 245 нафар ҳамюртимиз Ҳаж амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига йўл олди.

Зиёратчиларни кузатишда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди. 

Муборак сафарга бориш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг орзуси. Эътироф этиш жоизки, Президентимизнинг диний-маърифий соҳада олиб бораётган ишлари ва Саудия Арабистони подшоҳлиги билан эришилган келишув натижасида минглаб ватандошларимиз ибодатларни эмин-эркин бажариш бахтига эришмоқда. Бу борада уларга ҳукуматимиз томонидан алоҳида амалий ёрдам кўрсатилиб, зарур шароитлар яратилмоқда. Бу йилги Ҳаж зиёратига ўн беш минг нафар ўзбекистонлик йўл олади. 

Эътиборлиси, жорий Ҳаж мавсумида Наманган вилоятидан 1 минг 648 киши сафарга боради. Бу ўтган йилга қараганда 403 нафарга кўп. Зиёратчиларни кузатиш билан боғлиқ тадбирлар намунали ташкил этилди. Яратганнинг байти сари йўл олаётган, орзулари ушалган ҳамюртларимиз эсон-омон зиёрат қилиб келишни сўраб, хайрли дуолар қилишган бўлса, кузатувчилар Каъбатуллоҳга бориш уларга ҳам насиб этишини дилларига тугишди. 

– Қирқ уч йилдан буён ободонлаштириш бошқармасида меҳнат қилиб келаман. Гулчилик орқасидан одамларга гўзаллик улашдим. Камтарона меҳнатим давлатимиз томонидан муносиб қадрланиб, “Дўстлик” ордени билан мукофотландим. Узоқ йиллардан буён Ҳаж зиёратига боришни ният қилиб юрардим. Шукурки, муродимиз ҳосил бўлиб, улуғ сафарга отландим, – дейди Наманган шаҳридаги Шарқ тонги маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Саодатхон Усмонова. – Муборак сафарга тайёргарлик кўриш, тиббий кўрикдан ўтиш, сафар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш каби жараёнлар ташкилотчилар томонидан юқори савияда ташкил этилди. Насиб қилса, Мадина ва Макка шаҳарларида бугунги кунлар шукронаси, юртимиз ривожи, халқимиз фаровонлигини сўраб дуо қиламиз. 

Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА

Read 930 times

Янгиликлар

Top