Ўзбекистон янгиликлари

Юртимиз ислом таълими тарихига оид муҳим асар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Уйғун домла Ғафуровнинг “Ўзбекистонда ислом таълими тизими: шонли тарих, истибдод зулмидан омон қолиш ва нурли истиқбол” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу маросим Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 80 йиллигига бағишланган тадбирларнинг дебочаси сифатида ўтказилди.

Аввал “Кўкалдош” мадрасаси талабалари томонидан ўқилган 10 та хатми Қуръон якуни ўқилиб, идора тизимида меҳнат қилган муфтийлар, уламолар ва имом-домлалар ҳаққига дуолар қилинди.

Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мамлакатимиз диний таълим тизими ўзининг кўп йиллик анъаналарига эга экани, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан диний таълим сифатини янада ошириш, хорижнинг илғор тажрибаларини тизимга кенг жорий этиш, шунингдек, кадрлар илмий салоҳиятини юксалтириш борасида юксак натижаларга эришилаётганини мамнуният билан эътироф этдилар.

Шунингдек, шайх ҳазратлари Уйғун домла Ғафуров томонидан нашр этилган ушбу монография долзарб мавзуга бағишлангани, юртимизда ислом таълими шаклланиш ва ривожланиш босқичлари атрофлича баён қилингани билан аҳамиятли эканини қайд этдилар.

Сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда диний таълим тизимини такомиллаштириш борасида ижобий ишлар амалга оширилаётгани, биргина Тошкент ислом институти нуфузи ва илмий салоҳияти йилдан йилга ошиб бораётганини айтиб ўтди.

Дин ишлар бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоевнинг китоб муаллифи ҳамда тақдимот иштирокчиларига йўллаган табрик сўзини раиснинг биринчи ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор Давронбек Махсудов ўқиб эшиттирди. Унда Уйғун домла Ғафуровнинг фазилатли хислатлари, жумладан, кўзга кўринган олимлиги, ватанпарварлиги ҳамда шогирдларига меҳрибон ва жонкуяр устоз, жамоатчилик ишларида фидоийлиги алоҳида қайд этилган.

Дарҳақиқат, олим мамлакатимиз диний-маърифий жабҳасида ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол тарғиботчиси сифатида ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларига содиқлик руҳида тарбиялаш, уларни турли ёт ғоя ва қарашлардан ҳимоя қилиш борасида жонбозлик кўрсатиб келаётгани табрикда ёдга олинган.

Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори, профессор Зоҳиджон Исломов, “Муфтий Бобохоновлар” жамғармаси директори, иқтисод фанлари номзоди Жамолиддин Бобохонов ҳамда бир қатор олимлар, уламолар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбир доирасида Уйғун домла Ғафуровнинг 50 ёшга тўлиши муносабати билан дил сўзлари битилган “Ислом ва маърифатга бахшида ярим аср” номли рисола ҳам тақдим этилди.

Уйғун домла Ғафуровнинг мазкур китоби юртимиз диний-илмий соҳасидаги муҳим изланишлардан биридир. Монография ёш кадрлар ҳамда соҳага қизиқувчилар учун муҳим қўлланма вазифасини ўтайди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 1170 times
Tagged under

Янгиликлар

Top