Ўзбекистон янгиликлари

Бухородаги масжидга “Қутайба ибн Муслим” номи берилди

Масжидлар – илм-маърифат улашиладиган, намозлар жамоат билан адо этиладиган, ўзаро бирлик, ҳамжиҳатлик маскани ҳисобланади. Яратганга тоату ибодатда бўлиб, зикри илоҳийни васф этилишидан “Аллоҳнинг уйлари” дея номланади. Шу боис мўмин-мусулмонлар уни обод этишга ошиқади.

Бугунги мавзумиз шундай зикри илоҳийни васф этилиши учун бунёд этилган “Қутайба ибн Муслим” жоме масжиди ҳақида. Жондор туманидаги масжид илк бор 1991 йили “Мирзо Содиқ Жондорий” номи билан фаолият бошлаган. 1992 йили ушбу ҳудуднинг жанубидан туман ҳокимлиги томонидан ер ажратилди. Олд айвонли Хонақоҳ қурилиб, масжид шу жойга кўчирилди.

1995 йили тадбиркор Фарҳод Рамазонов ҳомийлигида масжид ҳудудининг жанубий қисмидан 150 кишилик янги бино барпо этилди ва жоме номи ҳам “Уста Фарҳод” деб ўзгартирилди.

2008 йили Мирамин домла Ҳайитов ва Собир домла Раҳимовлар бошчилигидаги саховатпеша инсонлар иштирокида икки масжидни боғловчи янги бино барпо этилди.

2020 йилдан эътиборан мазкур масжид бугунги кунда замон талабларига монанд лойиҳалар асосида 29 метрли баланд минора ва бинонинг икки ён томони айвон пештоқлари билан ўралган 6 000 намозхон сиғимига эга янги масжид қуриб битказилмоқда.

Масжидга Адлия вазирлиги Бухоро вилояти бошқармасининг 2023 йил 14 июндаги гувоҳномаси асосида Марказий Осиё минтақаларида Ислом дини кириб келиши ва ривожи учун бемисл ҳисса қўшган уммат фидокори Қутайба ибн Муслим номи берилди.

Маънавиятимиз таянчига сабабчи масжиду мадрасаларимиз обод бўлсин! Динимиз, миллатимиз учун камарбаста бўлиб турган азизларимиздан Яратган Роббимиз рози бўлсин! Юрт тинчлиги, осойишталиги, фаровонлиги ва барқарорлиги бардавом бўлсин!

Асқад домла РАҲМОНОВ,
Жондор туман бош имом-хатиби

Read 760 times

Янгиликлар

Top