Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонга Индонезиядан келувчи мусулмон сайёҳлар учун ҳамёнбоп тур пакетлар тақдим этилади
Ўзбекистон туризми салоҳиятини Шарқий Осиё мамлакатларида кенг тарғиб этиш мақсадида Индонезияда бўлиб турган Туризм қўмитаси делегацияси аъзолари бугун Индонезия Мусулмонлар идораси раҳбарияти билан учрашди.

Туризм қўмитасининг маълум қилишича, учрашувда мамлакатлар ўртасида “Halal tourism” тарғиботини янада кучайтириш, мусулмон сайёҳлар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш масалалари муҳокама этилди.  

Икки томонлама мулоқот чоғида Индонезиядан Ўзбекистонга борувчи мусулмон сайёҳлар сонини ошириш, бунда ҳамёнбоп тур пакетлар ишлаб чиқиш ва сифатли хизмат кўрсатиш бўйича қатор масалалар кўриб чиқилди.  

– Биз Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва туризм имкониятлари ҳақида бирмунча маълумотларга эгамиз, – дейди Индонезия Мусулмонлар идораси Халқаро алоқалар бўлими раҳбари Сударното Абдул Ҳаким. – Ўзбекистонлик қомусий олимлар томонидан Ислом дини ташвиқоти учун амалга оширилган ишлар ва уларнинг илмий мерослари билан яқиндан танишиш имконияти индонезиялик мусулмонларни хурсанд этади. Жумладан, Суматра оролида яшовчи аҳолининг 5 миллион нафардан ортиғи Нақшбандия тариқати асосида ҳаёт кечирувчилар ҳисобланади. Шу боисдан Ўзбекистонга ташриф буюришни истовчилар сони жуда кўпчиликни ташкил этади.  

Мулоқот давомида айни пайтда Бухорода туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида индонезиялик расмийларга тўлиқ маълумот берилди.  

Учрашув якунида Индонезиядаги масжидлар ва уларнинг атрофидаги аҳоли гавжум хиёбонларда ўрнатилган экранларда Бухоро тарғиботи бўйича видеороликлар намойишини ташкил этиш борасида келишиб олинди.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Read 702 times

Янгиликлар

Top