Ўзбекистон янгиликлари

Рағбат – хайрли ишларга қанот

Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида энг улуғ, энг азиз айём – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллик байрамига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Ҳар гўшада байрам шукуҳи, юртдошларимизнинг юзу кўзларида қувонч, барчанинг кайфияти кўтаринки. Шундай дориламон кунларга етказгани учун ҳаммамиз Яратган Раббимизга чексиз ҳамду санолар айтмоқдамиз.
Мамлакатимизда байрам арафасида ўз соҳаси фидойиси, меҳнатесвар, фаол, ташаббускор, ўз тақдирини шу юрт тақдири деб билган ходимларни тақдирлаш гўзал анъанага айланган.
Шу анъанага мувофиқ куни кеча Тошкент шаҳридаги "Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф" масжиди мажлислар залида пойтахтимизда фаолият юритаётган отинойиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни очиб берган Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов отинойтиларни Мустақилик байрами билан самимий табриклаб, фаол ва жонкуяр отинойиларга ўзларининг ташаккурларини изҳор қилдилар. Отинойиларнинг барча хайрли ишларига улкан зафар ва муваффақиятлар тиладилар.
Тақдирлаш маросимида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосарлари: Эргашали домла Рустамов ва Абдуллоҳ домла Йўлдошев, вакиллик масъул ходими Саидхон Махсумов ҳам иштирок этиб, отинойиларни байрам билан қутлади.
Йиғилишда диний соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, хотин-қизлар ўртасида турли бидъат-хурофотларнинг олдини олишга қўшган муносиб ҳиссаси, ёш авлодни эзгу ғоялар, ватанпарварлик, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда фаол бўлган отинойилар Ташаккурнома билан тақдирланди.
Тадбир сўнгида отинойиларнинг келгусидаги фаолиятига муваффақиятлар тиланиб, хайрли дуолар қилинди.

Read 735 times

Янгиликлар

Top