Ўзбекистон янгиликлари

Сайёр йиғилишнинг навбатдагиси Нарпай туманида ташкил қилинди

Бугун, 2023 йил 29 август куни навбатдаги сайёр йиғилиш Нарпай туманида ташкил қилинди. Тумандаги мавжуд 18 та масжид имом-хатиблари ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатиблари ҳамда иқтидорли имом-хатиблар тумандаги 18 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган ва нотинч оилаларга ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Нарпай туманидаги 18 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Тинчлик-энг олий неьмат”, “Қўшничилик ҳақлари”, “Неъматларга шукроналик”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборли бўлайлик”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва шу каби бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.

Ушбу тадбир давомида умумий ўрганилган хонадонлар ва ўтказилган учрашувлар сони қуйидагини ташкил қилди:

  • Имом-хатиблар ташриф буюрган маҳаллалар сони: 18 та. Шундан 12 тасида муаммолар борлиги аниқланди ва барчаси ижрога йўналтирилди;
  • Кам таъминланган оилаларга ташриф: 48 та. Барчасига моддий ёрдам кўрсатилди ҳамда бошқа йўналишдаги муаммолари ҳамкор ташкилот масьуллари билан биргаликда ижрога йўналтирилди.  
  • Ногиронлиги бор ва касалманд 4 нафар фуқаролар ҳолидан хабар олинди. Шундан барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
  • Нотинч оилаларга ташриф: 1 та. Уларнинг оиласидаги келишмовчиликлар ислоҳ қилинди. Улар ўтказилган тушунтиришлардан ўзларига тегишли хулосалар чиқарди;
  • Ичкиликка ружу қўйган 1 нафар фуқаро билан суҳбат ўтказилди. Тушунтириш ишлари давомида ушбу фуқаро қилаётган ишларининг оқибатларини тўғри тушуниб етганлигини айтиб ўтди;
  • Уюшмаган ёшлар билан 10 та МФЙда йиғилиш ўтказилди. Унда 100 нафарга яқин уюшмаган ёшларнинг иштироки таъминланди.
  • Тумандаги 18 та масжидда Пешин намози ўқилиб, йиғилган намозхонларга долзарб мавзуларда маъруза қилинди. Унда 1 000 нафардан ортиқ намозхонлар иштирок этишди.
  • Юқорида айтиб ўтилган хонадонларга кўрсатилган жами моддий ёрдам миқдори: 13 500 000 млн сўмни ташкил қилди.
  • Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров Нарпай туманидаги “Нақшбандий” жоме масжидида туманда расмий фаолият олиб бораётган маҳалла муллолари ва отинойилари билан фаолиятларини янада жадаллаштириш, маҳалла муллоларининг никоҳларни ўқимаслиги, маҳалла муллолари учун хафтанинг ҳар душанба куни, отинойилар учун эса хафтанинг ҳар шанба кунини МФЙ раислари ҳамда фаоллари билан ҳамкорликда аҳоли билан ишлаш куни этиб белгилаш, уларнинг аҳоли билан “Сабр тоқат”, “Иймон эътиқод”, “Ибо ҳаё”, “Аёллар ўртасида ичкиликнинг олдини олиш”, “Таълим тарбия”, “Бидъат-хурофот”, “Ажримларнинг олдини олиш”, “Ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик” ва “Жиноятчиликнинг олдини олиш” каби кўпроқ маърифий суҳбатлар ташкил қилиш ҳамда соҳа ходимларининг аввало ўзлари халққа намуна бўла олишлари борасида давра суҳбати ўтказди. Шундан сўнг, Хайрулло домла мазкур масжидда жамоат билан Пешин намозини адо қилдилар ва намоздан сўнг жамоатга “Инсон эътиқоди амалларида акс этади” мавзусида мазмунли маъруза қилиб бердилар.
  • Мазкур тадбирлардан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Нарпай туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, туманда диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар ва намозхонлар томонидан қилинаётган шикоятлар муҳокама қилинди. Мазкур йиғилишга вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг Нарпай туманидаги мутахассиси Равшан Валиулин бевосита бош бўлдилар. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунингдек, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳолининг муаммоларини янада чуқурроқ ўрганиб, уларни бартараф этиш, улар билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги Матбуот хизмати

Read 808 times

Янгиликлар

Top