Ўзбекистон янгиликлари

“Ҳаж-2017” мавсуми муваффақиятли якунланди

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни ҳаж зиёратини адо этиш учун жўнаб кетган зиёратчиларимизнинг охирги гуруҳи эсон – омон  она юртимизга қайтишди.

Уларни Тошкент халқаро аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасадди ходимлари кутиб олишди.

Жорий мавсумда зиёратчиларимизга ҳамкоримиз “ал-Ҳидоя” ширкати ва ўзбекистонлик тажрибали ишчи гуруҳи, шифокорлар ҳамда гуруҳ раҳбарлари томонидан юқори савияда хизмат кўрсатилди.

Охирги рейс келиши билан “Ҳаж-2017” мавсуми муваффақиятли якунланди. Бу мавсумда Республикамиздан жами 7350 нафар фуқаро ҳаж зиёратига жўнатилди.

Бу йилги ҳаж мавсумида Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан 72 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг соғ-саломат ҳаж ибодатини адо этиб келгани қувонарли воқеъа бўлди. Тўқсондан ошиб, юз билан юзлашган пиру бадавлат нуронийларимизнинг дуо мустажоб бўладиган жойларда туриб юртимиз ва юртдошларимиз ҳақига қилган дуолари иншоаллоҳ ижобат бўлажак.

Хулоса қилиб айтганда, Она юртга қайтган юртдошларимиз кўзларида ёш билан яратиб берилган имконият ва шароитлардан мамнун бўлиб, Юртбошимиз, ҳукумат раҳбарлари ҳамда “Ҳаж-2017” ишчи гуруҳи аъзолари ҳақига хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими

Read 6027 times

Янгиликлар

Top