Ўзбекистон янгиликлари

“Фозилмон ота” зиёратгоҳи ҳақида эшитганмисиз?

“Фозилмон ота” зиёратгоҳи Фарғона водийсининг туризм марказига айланиб бораётган сўлим Хонобод шаҳрининг энг обод масканлардан бири ҳисобланади.

“Фозилмон ота” зиёратгоҳи – Андижон вилоятининг қўшни Қирғизистон билан чегарадош бўлган энг чекка шарқий-жанубий ҳудудидаги Хонобод шаҳрининг Фозилмон маҳалласида жойлашган қадимий зиёратгоҳдир. Ушу муқаддас масканнинг энг муҳим ва асосий хосияти унинг инсонлар саломатлигига ижобий таъсир қилувчи шифобахш булоғидир.  

Ота-боболаримиз, кекса авлод вакилларининг айтишларича, минг бир дардга даво булоғининг ҳаётбахш тирик сувларидан неча асрлар давомида одамлар шифо топиб келади. Зиёратгоҳга нафақат андижонликлар, балки республикамизнинг бошқа вилоятларидан ҳам одамлар келиб дам олади.  Булоқ суви инсон организмига тетиклик, қувват бахш этади, кўплаб хасталикларга, айниқса, ички ва тери касалликларига яхши даво бўлади.  

Ривоятларга кўра, XIII асрда яшаб ўтган уламо, пайғамбаримиз авлодларидан Сайид Фозилмон Деҳлавий ҳазратлари Аллоҳнинг иродаси ила муқаддас булоқ бўйини ўзига макон қилган. Инсонларни дину диёнатга, ҳақиқатга, маърифатга чорлаган. Ўз кароматлари билан эл орасида авлиёлик  мақомини олган. У зот вафот этгач, шу жойга дафн қилинади.  

XVI аср охирида келган кучли сел натижасида Фозилмон ота мақбараси лойқа остида қолади. 1805 йилда уламо, ўзбек мумтоз адабиётининг вакили шоир Хўжамназар Холмуҳаммад ўғли Хувайдонинг ўғли Холмуҳаммад Эшон ибн Хавайдо томонидан қабр ўрни аниқланиб, мақбара қайта тикланган.  

Кейинги йилларда мақбара ва зиёратгоҳ миллий услубда таъмирланиб, ободонлаштирилди. Зиёратчиларнинг кўнгилли дам олиб, ҳордиқ чиқаришлари учун зарур барча шароитлар яратилди. Ҳар йили, айниқса, ёз мавсумида бу ер минглаб зиёратчилар келиб-кетадиган энг гавжум масканлардан бирига айланади.  

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,  

З. УМРЗОҚОВ (сурат), 

 

Read 708 times

Янгиликлар

Top