Ўзбекистон янгиликлари

Тарихий нутқ ва ҳаётий ташаббуслар

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқи бўйича жорий йилнинг 21 сентябрь куни “Ўзбекистон овози” газетасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг мақоласи эълон қилинди.
Шу муносабат билан Тошкент ислом институти асосий биноси ҳамда “Таҳфизул-Қуръон” кафедрасида 26 сентябрь куни профессор-ўқитувчи ва барча курс талабалари иштирокида “Тарихий нутқ ва ҳаётий ташаббуслар” номли мазкур мақоланинг муҳокамасига бағишланган давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон раҳбари жаҳон жамоатчилигини “ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини” етказишга чақирди ва юқори минбардан туриб мусулмон оламини тўлқинлантирган қуйидаги сўзларни айтдилар: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”.

Муфтий У.Алимов ўз мақоласида мазкур чақириқ юзасидан қуйидаги фикрларни билдириб ўтдилар “Бу сўзлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб, дадил ва қатъий айтилгани ҳали кўп бор эътироф этилади ва ўз самарасини беради, деб ўйлайман. Нутқдаги яна бир фикрга эътибор қаратайлик: «Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади». Бу сўзлар ушбу ояти каримага жуда мос келади: «Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз...» (Бақара сураси, 208-оят). Ҳадиси қудсийда эса: «Эй бандаларим! Мен асло зулм қилувчи эмасман, сизларнинг зулм қилишингизни ҳаром қилдим, бир-бирларингизга асло зулм қилманглар», дейилади, дедилар.

Умуман олганда, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида қатнашган давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг нутқи чуқур маъно-мазмуни, амалий руҳи, янги фикр ва ғоялар, халқаро ташаббусларга бойлиги билан Тошкент ислом институти жамоаси томонидан катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олинди.

Ш.Чўлпонов,

ТИИ Маънавият, маърифат ва иқтидорли

талабалар билан ишлаш бўлими услубчиси

Read 6070 times

Янгиликлар

Top