Ўзбекистон янгиликлари

Исрофчилар неъматнинг қадрига етмайдилар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Исроф» сўзи араб тилида «чегарадан чиқиш» ва «бир нарсани қасддан унутиш» деган маънони англатади. «Фалон ишда исроф бўлди», деган жумла миқдоридан ортиқча сарф бўлди, маъносини билдиради. Ҳадиси шарифда: «Учинчи (ювиш) шарафдир, тўртинчиси исрофдир», дейилган.

«Исроф» сўзи моддий ёки маънавий мақсадда ишлатилиши мумкин.

Роғиб Асфиҳоний айтади: «Инсон қиладиган ҳар бир ишда ҳаддан ошиш исрофдир».

Аммо бу сўз кўпроқ сарф-харажат қилишда ишлатилади. Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳи: «Аллоҳ таолонинг тоатидан бошқага қилган нафақанг, агар жуда оз бўлса ҳам, исрофдир», деган.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда исроф борасида хабар берилди. Маълумотга кўра, айни пайтда пойтахтимизда энг кўп чиқиндига ташланадиган маҳсулот бу — нон ва озиқ-овқат маҳсулотлари экан. Бу маҳсулотларни йилдан-йилга чиқиндига ташлаш ҳолатлари ортиб бораётгани маълум қилинган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида бир кунда 2 минг 300 тонна чиқинди йиғиб олинса, шундан 3 тоннага яқини нондан иборатлиги ёзилган.

Азизлар ушбу сатрларни қоралашдан кўзланган мақсад молу мулкни зое қилишдан сақланмоғимиз ва исрофнинг луғатдаги ва истилоҳдаги маъноларини яхши билиб олиш ҳамда эслатма беришдир..

Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи айтади:

«Исроф арзимаган нарса учун кўп мол сарфлашдир.

– Исроф инфоқда ҳаддан ошишдир.

– Исроф – кишининг ўзига ҳалол бўлмаган нарсани емоғи ёки ўзига ҳалол бўлган нарсани ейишда мўътадилликдан ортиқча, керакли миқдордан зиёда емоғидир.

– Исроф миқдорда ҳаддан ошишдир, ҳақларнинг миқдорини билмасликдир».

Муновий айтади: «Исроф ҳаддан ошишда узоққа кетишдир».

Қуръони Карим ва араб тилида исроф маъносида «табзир» сўзи ва унинг турланишлари ҳам ишлатилади. Бу сўзнинг исрофдан фарқи ҳам бор, фарқланмай, иккиси бир-бирининг ўрнига ишлатилиши ҳам мумкин.

«Табзир» сўзи уруғни сочиш маъносидан олинган бўлиб, молни ноҳақдан, орқа-олдига қарамай атрофга сочиб юборишни англатади.

Исроф сарф қилиш лозим бўлган нарсани ҳаддан ташқари кўп сарфлашдир. Табзир эса бир нарсани кераксиз жойларга сарфлашдан иборатдир. Албатта, бу нозик фарқ уламоларнинг баҳсларида ўз ифодасини топган. Воқеликда эса кўпчилик тафсирчилар ҳам исроф билан табзирнинг орасини фарқламайдилар. Қуръони Каримда исроф қаттиқ қораланган, исрофчилар турли салбий сифатлар билан сифатланган. Уларнинг оқибати яхши бўлмаслигининг хабари берилган. Бу маънони яхшироқ англаб олиш учун баъзи ояти карималарни келтириб ўтамиз.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

 «Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва йўқсил йўлчига ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма!» (26-оят).

Қуръони Карим бой-бадавлат кишиларга ота-оналарига, қариндошларига, мискинларга ва кўчада қолганларга қўлларидаги мол-мулкдан сарфлашни амр қилиш билан бирга,

«Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма!» деб амр қилмоқда.

Ислом нуқтаи назарида исрофчилик ноҳақ, ҳаром-хариш йўлларга мол-дунё сарфлашдир. Агар ноҳақ ишга, ҳаром-харишга арзимаган пул сарфласа ҳам, исрофгарчиликка йўл қўйган бўлади.

 «Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса Роббига ўта ношукр бўлгандир» (27-оят).

Исрофчилар неъматнинг қадрига етмайдилар, унга шукр этмайдилар. Агар шукр этса, ҳеч бир неъматни исроф қилмаган, неъмат берувчи Зотнинг розилиги йўлида сарф этган бўларди. Исрофчилар ношукр бўлгани учун ўзларига берилган неъматни ботилга, ноҳаққа, ҳаром-харишга, маъсият ва ёмонликка сарф қиладилар. Улар бу борада шайтонга биродар бўладилар. Шайтон эса ношукрликда донғи кетгандир.

Аллоҳ таоло барчамизга исрофнинг ҳақиқатини ва оқибатини англаб етадиган ва унга қарши кураш олиб бориб, Ўзининг розилигини топадиган аброр бандалардан бўлишимизни насиб этсин!

Хуршид Маъруф тайёрлади

 

Read 729 times

Янгиликлар

Top