Ўзбекистон янгиликлари

Қоримиз қатнашган Саудиядаги 43-халқаро Қуръон мусобақаси тафсилоти

Бугунги ёшларимиз улуғ боболаримизнинг илмга интилиш ва эл-юртга хизмат қилиш борасидаги гўзал анъаналарини ҳам давом эттирмоқда. Биз бу ҳаракатни, айниқса, талабалар ғайрати ва янги етишиб чиқаётган иқтидорли қори йигитларимиз тимсолида кўрмоқдамиз.

Ҳозирги кунда ёшларимизнинг диний ва маънавий етуклигини мустаҳкамлаш мақсадида юртимизда 3 та олий ва 10 та ўрта-махсус ислом билим юртлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Мазкур таълим даргоҳлари талабалари орасидаги қори ва қориялар Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш” бўлими томонидан сараланган ҳолда, Халқаро Қуръони карим мусобақаларига юборилмоқда.

Жумладан, шу йил 25 август – 6 сентябрь кунлари Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида ўтказилган 43-халқаро Қуръони карим мусобақасида вакилимиз – Тошкент Ислом институти битирувчиси, пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани “Олтин тепа” жоме масжиди имом ноиби Ҳабибуллоҳ қори Олимжонов иштирок этиб қайтди.

Мазкур мусобақада дунёдаги 117 давлатдан 166 нафар етук Қуръон ҳофизлари қатнашди. Улар орасида вакилимиз Қуръони каримнинг тўлиқ 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш йўналишида қатнашди.

Мусобақа 5 йўналишда ўтказилиб, унда юқори уч ўринни қўлга киритган қориларга совринли мукофотлар топширилди. Қуръони каримни Шотибия услубида 7 хил қироатда тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш йўналишида 1-ўринни Саудия Арабистони, 2-ўринни Жазоир, 3-ўринни Чад давлатлари қорилари эгаллади.

Қуръони каримни тўлиқ 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш билан бирга 30 поранинг луғавий маъноларини билиш йўналишида 1-ўринни Саудия Арабистони, 2-ўринни Баҳрайн, 3-ўринни Сурия давлатлари қорилари эгаллади.

Қуръони каримнинг 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш йўналишида 1-ўринни Сомали, 2-ўринни Швеция, 3-ўринни Бангладеш давлатлари қорилари қўлга киритди.

Вакилимизга иштироки тўғрисидаги ташаккурнома ёрлиғи тақдим этилди. Мусобақадаги иштирокчи қорилар учун мусобақа ташкилий ҳайъати томонидан Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларидаги муқаддас қадамжоларга зиёрат уюштирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади

Read 833 times

Янгиликлар

Top