Ўзбекистон янгиликлари

Сайёҳлар оқими ортмоқда

Самарқанд мамлакатимизнинг туризм дарвозасига айланмоқда. Бугун нафақат шаҳарда, балки туманлар, чекка қишлоқларда ҳам туристик объектлар очилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилояти туристик салоҳиятини ошириш бўйича берган топшириқлари асосида йил бошидан буён қиймати 478 миллиард сўмлик 43 та туризм лойиҳаси амалга оширилди. Жумладан, 25 та меҳмонхона ва жойлаштириш воситаси, 6 та экотуризм ва дам олиш маскани фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида 600 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Самарқандга келадиган сайёҳ, аввало, бу ердаги бир неча асрлик маданий мерос объектларини томоша қилишни, улардан завқланишни истайди. Аммо йиллар тўфонида бу обидаларга турли даражада зарар етиши, улар ўз оҳорини йўқотиши мумкин. Лекин уларни замонавий тарзда таъмирлаш ёки янгилаб бўлмайди. Шунинг учун тарихий обидаларни асраб-авайлаш мақсадида вақти-вақти билан, мутахассислар томонидан реставрация ишлари амалга оширилади. Бу йил вилоятдаги Шоҳизинда ёдгорлиги, Амир Темур масжиди ва мақбараси, Регистон ансамбли, Бибихоним, Хўжа Дониёр, Оқсарой, Ашратхона мақбаралари, Маҳдуми Хоразмий масжиди, Руҳобод мажмуаси ва бошқа объектларда 14,8 миллиард сўмлик реставрация ишлари амалга оширилиб, моддий-маданий мерос объектларининг жозибадорлиги сақлаб қолинди, уларга элтувчи йўллар обод қилинди, сайёҳлар учун шароит яратилди.

Вилоят туризм бошқармасининг маълумотларига кўра, 2022 йилда Самарқандга 1,2 миллион нафар хорижлик сайёҳ келган ва туристик хизматлар экспорти 197,6 миллион АҚШ долларига етган. Туристларнинг Самарқандда бўлиши ўртача 2,7 кунни ва бир кунлик харажати 85-250 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Бу йил эса 2,1 миллион чет эллик сайёҳни жалб этиш ва туризм хизматлари экспортини 312 миллион долларга етказиш кўзда тутилган.

Йил якунига қадар эса туризм йўналишида вилоятда умумий қиймати 1,6 триллион сўмлик 94 та инвестицион лойиҳа ишга туширилади. Хусусан, эко-экстремал туризм йўналишида 18 та, тиббиёт ва термал туризм йўналишида 11 та, гастрономик туризм йўналишида 36 та объект лойиҳа амалга оширилади. 28 та жойлаштириш воситалари ташкил этилади.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири.

Read 930 times

Янгиликлар

Top