Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Президенти Қозондаги Кремль обидалари билан танишди

Татаристон Республикасига ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Қозон Кремли” тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонасида бўлди.

Давлатимиз раҳбарига Татаристон Раиси Рустам Минниханов ҳамроҳлик қилди.

Қозондаги Кремль ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Қозоннинг энг қадимги қисми бўлиб, шаҳарнинг кўп асрлик тарихини ўзида мужассам этган меъморий, тарихий ва археологик ёдгорликлардан иборат.

Бу ерда Ўзбекистон Президенти Қул Шариф масжидини кириб кўрди.  Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Камиль Самигуллин олий мартабали меҳмонга масжид тарихи ҳақида батафсил сўзлаб берди. Дуо ўқилди.

Масжид 1996-2005 йилларда Қозон хонлиги ҳудудида XVI асрнинг иккинчи ярмига қадар мавжуд бўлган жума масжиди ўрнида бунёд этилган ва Имом Қул Шариф номи билан аталган.

Давлатимиз раҳбари Қозон ва Татаристон митрополити Кирилл ҳамроҳлигида Благовешенск соборини ҳам кўздан кечирди. Қозон Кремли ҳудудидаги обидаларнинг энг қадимгиси бўлган ушбу иншоот XVI асрда бунёд этилган. Псков меъморчилик анъаналарининг ёрқин намунасидир.

President.uz

Read 863 times

Янгиликлар

Top