Ўзбекистон янгиликлари

Марказий Осиёда ислом цивилизацияси: ўтмиш ва ҳозирги замон

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (ИРСИСА) билан ҳамкорликда “Марказий Осиёда ислом цивилизацияси: ўтмиш ва ҳозирги замон” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Халқаро конференцияда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров Марказий Осиё минтақаси ўзининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маърифий ва геополитик имкониятлари билан дунё эътиборида эканини таъкидлади.  

Қайд этилганидек, минтақада азалдан яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик, савдо иқтисодий ва илмий-маданий алоқалар ривожланган. Умуман олганда, Марказий Осиё минтақаси Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашгани геополитик нуқтаи назардан муҳим аҳамиятга эга.  

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган халқаро конференция ҳам минтақа халқлари ўртасидаги меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, тарғиб ва тадқиқ этиш мақсадларига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.  

Шунингдек, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази бош директори, профессор Маҳмуд Эрол Қилич ҳам ўз табриги билан қатнашди.  

Конференция “Марказий Осиё минтақасида ислом маданияти ва санъати”, “Марказий Осиё мутафаккирлари илмий-маънавий мероси”, “Марказий Осиё тарихий ёдгорликлари эпиграфикаси ва архитектураси” ҳамда “Марказий Осиё халқларининг урф-одат ва анъаналаридаги умумийлик ва ўзига хослик” каби йўналишларга бўлинган ҳолда давом этди.  

Қатнашчилар томонидан “Ислом цивилизациясида хаттотлик санъатининг ўрни ва ИРCИCАнинг хаттотлик санъатига қўшган ҳиссаси”, “ХIХ-ХХ асрларда Туркистон ўлкасида вақф анъаналарининг ўзига хосликлари”,  “Бобурийлар давлати маданий ҳаётида Термизий хаттотлар”, “Ўзбекистон тарихий ёдгорликларини ўрганишнинг зиёрат туризмини ривожлантиришдаги аҳамияти”  ва бошқа мавзуларда  маърузалар қилинди.  

Конференцияда сўзга чиққанлар Марказий Осиёнинг ислом цивилизацияси ривожидаги тарихий ўрни, минтақа алломаларининг илмий-маънавий меросини ўрганиш борасида олиб бораётган илмий тадқиқотлари ҳақида батафсил маълумот берди.  

Марказий Осиё халқлари тарихи, маданияти, ёзма ёдгорликлари ва илмий меросига оид мавзулар ҳам муҳокама қилинди. Маҳаллий ва хорижлик таниқли олимлар, тарихчилар, исломшунослар, этнографлар ва манбашуносларнинг маърузалари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.  

Анжуман иши давомида ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мамлакатнинг ислом цивилизациясини ривожлантириш борасидаги ролини янада ошириш ҳамда буюк алломалар жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини миллий ва халқаро миқёсда оммалаштириш жараёни қизғин давом этаётгани таъкидланди.  

Ҳамкор ташкилотлар билан илмий-амалий алоқаларни янада давом эттириш борасида фикрлар алмашилди. Конференцияга тақдим этилган маърузалар алоҳида тўплам ҳолида чоп этилиши, унда ёшларнинг илмий мақолалари ҳам ўрин олиши таъкидланди.  

 

Н.Усмонова,  

ЎзА

 

Read 782 times

Янгиликлар

Top