Ўзбекистон янгиликлари

Юксак эътибор ва ғамхўрликдан кўнгиллар шод бўлди

Шу йил 25 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, таклиф ва мулоҳазаларини тингладилар.

Таъкидлаш керакки, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари тизимли равишда юртдошларимизни қабул қилиб, уларнинг диний-маърифий мавзудаги саволлари, ўйлантираётган масала ва муаммоларини тўғридан-тўғри мулоқот асосида эшитиб, ижобий ечим топишга ҳаракат қилинади.

Бу галги қабул жараёнида Фарғона, Андижон, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келган бир гуруҳ кишиларнинг шаръий ва оилавий масалалар, масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти ҳамда моддий ёрдам олиш юзасидан мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилди. Энг муҳими, мурожаатларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.

Фуқаролар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан кўрсатилган юксак эътибор ва ғамхўрликдан кўнгиллари шод бўлишиб, барча масъулларни дуолар қилишди.

Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.

 

 

Read 755 times

Янгиликлар

Top