Ўзбекистон янгиликлари

Мир Араб мадрасаси 500 йиллиги кенг нишонланди

26 ноябрь куни Бухорои шарифда Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигига бағишланган “Боқий Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни” мавзуидаги халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда Халқаро мусулмон уламолар кенгаши ва Абу Даби Тинчлик форумининг обрў-эътиборли уламолари, Ўзбекистон, Миср, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон сингари мамлакатлар муфтийлари, таниқли уламолар, исломшунос тадқиқотчи ва диний соҳа вакиллари (“Мир Араб” мадрасаси битирувчилари) иштирок этди.

Анжуман Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан очилди.

Нуфузли тадбирни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор, Муҳаммадолим Муҳаммадсидиқов олиб борди.

Йиғилиш аввалида таъкидланганидек, Бухоро асрлар давомида ўзининг бой илмий мероси, ислом илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссаси, мадрасалари, таълим тизими билан Ислом дунёсида катта шуҳрат қозонгани, Мир Араб Бухоронинг дунёга донг таратган мадрасаларидан биридир, шубҳасиз. Шу маънода ушбу мўътабар даргоҳнинг фаолият бошлаганига ҳижрий йил ҳисоби бўйича 500 йил тўлиши муносабати билан бу муҳим сана халқаро миқёсда нишонланмоқда.

Нуфузли анжуманнинг асосий қисмида Ислом оламининг обрў-эътиборли уламолари ҳамда исломшунос тадқиқотчилари уч шўъбага бўлинган ҳолда “Бухоро алломалари илмий меросининг аҳамияти”, “Мир араб мадрасаси ташкил топганининг 500 йиллиги: ўтмиш ва ҳозирги замон”, “Бобохоновлар сулоласининг ислом динини сақлаш, тарғиб ва ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси” каби мавзулари бўйича маърузалар қилишди. Шунингдек, мавзу доирасида муҳим вазифалар, таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Сўзга чиққан нотиқлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва эришилган ютуқларни юқори эътироф этиб, юртимизда ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолиятига ижобий баҳо берди. Хусусан, Мир Араб мадрасасининг фаолиятини юқори баҳолаб, тарихдан Ўзбекистон заминидан улкан алломалар етишиб чиқишига ушбу таълим даргоҳи катта ҳисса қўшганини таъкидлаб ўтдилар. Анжуман қатнашчилари мазкур мадраса талабаси бўлганларидан ғурурланишларини айтиб, мадраса уларнинг ҳаётида ўчмас из қолдирганини таъкидлашди.

Халқаро анжумандаги маърузалар, билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда ўзаро илмий хулосалар алмашилди ҳамда келгусида шу каби тадбирларни ҳамкорликда ўтказишга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 1037 times

Янгиликлар

Top