Ўзбекистон янгиликлари

Доктор Қорадоғий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига аъзолик гувоҳномасини топширди

Хабарингиз бор, жорий йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Халқаро мусулмон уламолар кенгаши аъзоси сифатида қабул қилинган эдилар.

Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Боқий Бухоронинг Ислом цивилизациясидаги ўрни” мавзусидаги халқаро анжуман доирасида Халқаро мусулмон уламолари кенгашининг Бош котиби, доктор Али Муҳйиддин Қорадоғий Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига мазкур нуфузли халқаро кенгашнинг сафига қўшилганларини тасдиқловчи аъзолик шаҳодатномасини тақдим этди.

Бош котиб шаҳодатномада қуйидагича тилакларни баён этган: “Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Халқаро мусулмон уламолар кенгашига аъзо бўлганлари бизни ниҳоятда хурсанд этди. Халқаро мусулмон уламолари кенгаши сафига қўшилганингиз учун ўз ташаккуримизни изҳор этамиз. Келгусидаги фаолиятимизда Сизнинг фаол иштирок этишингизни интизорлик билан кутиб қоламиз”.

Аллоҳ таолодан Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига Халқаро мусулмон уламолар кенгашидаги фаолиятларида куч-қувват ва улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 1201 times

Янгиликлар

Top