Ўзбекистон янгиликлари

Мустаҳкам эътиқод ва катта шижоат белгиси

26 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов билан ҳамкорликда Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқларида кўтарилган масалалар мазмун-моҳиятини диний соҳа ходимларига чуқурроқ етказиш мақсадида, Самарқанд вилоятига ташриф буюришди. У ерда уламолар, олимлар, диний соҳа ходимлари ва имом-домлалар иштирокида ушбу мавзу юзасидан сўз юритилди.

Ҳақиқатан, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқилари нафақат юртдошларимиз, балки кенг жамоатчилик томонидан ўрганиб чиқилаётганини сўзга чиққан нотиқлар томонидан таъкидланди. Чунки Давлатимиз Раҳбари маърузасида нафақат мамлакатимиз ва минтақа, балки дунёда ўта долзарб бўлиб турган глобал масалаларга эътибор қаратилгани билан ҳам катта аҳамият эгадир. Энг муҳими, муаммолар ечими бўйича билдирилган аниқ, ҳаётий таклифларнинг сессия иштирокчилари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватлангани фикримизнинг яққол исботидир.

Бу тарихий нутқда алоҳида эътибор берилган масалалардан бири – ислом маърифати масаласи бўлди, дейди муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари. Дарҳақиқат Юртбошимиз нуфузли минбардан туриб, қуйидаги муҳим ташаббусни илгари сурдилар: «Бугунги сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман. Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат».

Муҳтарам Президентимиз ўз нутқида муборак Ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш олдимизда турган муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этдилар, - деб таъкидлади Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов. Ҳақиқатан Давлатимиз Раҳбари аслида Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларга риоя этишга даъват этишини олий минбарда алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Жумладан, Муҳтарам Президентимиз шундай дедилар: «Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.

Мулоқотда сўзга чиққан маърузачилар, мана шу нутқ юзасидан хорижий мамлакатларнинг кўплаб таниқли вакиллари ўз муносабатларини билдиришаётганини алоҳида қайд этишди. Шу ўринда қуйидаги қўшимча маълумотларни келтириб ўтиш лозим. Латвия Фанлар академияси Иқтисодиёт илмий-тадқиқот институти директори Нина Линде хоним шундай деган: – Ўзбекистон етакчисининг мазкур нутқини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Ўзбекистон неча-неча асрлар давомида анъанавий, инсонпарвар ҳамда бағрикенг исломнинг маркази бўлиб келган. Шу боис Шавкат Мирзиёевнинг ислом динининг асл қадриятлари халқаро ҳамжамият томонидан теран англаниши муҳимлиги ҳақидаги таклифлари мутлақо мантиқлидир. Бу ислом динига нисбатан сабрли ва ҳурматда бўлиш, Европа жамоатчилигини бир қолипдаги қарашлардан халос этишга кўмаклашиш имконини берган бўлур эди.

Шунингдек, Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори Моҳд Юсуф Усмон шундай дейди: – Бугунги кунда турли бузғунчи кучлар одамлар онгини заҳарлашнинг кўп қиррали услубларидан кенг фойдаланмоқдаки, бунда улар ҳар бир инсон учун муқаддас бўлган динни ниқоб қилишдан ҳам тап тортишмаётир. Бундай вазият, аксарият ҳолларда, мусулмон бўлмаган мамлакатлар вакилларининг ҳақиқий ислом қадриятларини тўла тушунмаслигига олиб келаётгани баробарида, ислом динига асоссиз маломатлар ёғилишига ҳам сабаб бўлаяпти. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу муқаддас динни зўравонлик ва хунрезлик билан бир қаторга қўймаслик зарурлиги, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини жаҳон жамоатчилигига етказиш тўғрисидаги даъватлари жуда долзарбдир.

Дарҳақиқат, мана шундай бир шароитда муҳтарам Президентимиз томонларидан юксак минбардан туриб Ислом динининг асл моҳияти инсонпарварлик ва тинчлик экани, уни қораловчилар билан ҳеч қачон муроса қилинмаслигини баралла айтилиши мустаҳкам эътиқод ва катта шижоат белгиси эканини йиғилиш иштирокчилари таъкидлашди. 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиби

Read 4162 times

Янгиликлар

Top