Ўзбекистон янгиликлари

Президент Конституция куни муносабати билан бир гуруҳ маҳкумларни афв этди

Жазони ижро этиш муассасалари ва пробация органларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 334 нафар шахс афв этилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан инсонпарварлик сиёсатининг амалий тасдиғи сифатида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Конституциянинг 109-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасалари ва пробация органларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 334 нафар шахс афв этилди.


Афв этилган шахсларнинг 34 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 249 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 6 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 45 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 18 нафарини чет эл фуқаролари, 23 нафарини аёл, 15 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар ҳамда 88 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

https://president.uz/uz/lists/view/6916 

Read 914 times

Янгиликлар

Top