Ўзбекистон янгиликлари

Фидель Кастрони қойил қолдирган ўзбек ўғлони

Халқимиз тарихида буюк ўғлонлар кўп бўлган. Уларнинг номи ва шони бугунги кунга қадар яшаб келмоқда. Биз авлодларнинг вазифаси эса уларнинг хотирасини абадий қилиш ва келажак авлодларга уларнинг амалга оширган ишларини етказишдир.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори атоқли давлат арбоби Шароф Рашидовнинг хотирасини абадийлаштиришга қаратилган эди.

Таниқли адиб, давлат арбоби Шароф Рашидов 1917 йилнинг 6 ноябрида Жиззах шаҳрида, деҳқон оиласида таваллуд топган. 1934 йилда Жиззахдаги педагогика техникуми тугатди. 1938-1941 йилларда Самарқанд вилоятининг рўзномаларидан бирида ишлайди.

1941 йилда Самарқанд Давлат университетини тугатиб муаллим ва мухбир сифатида фаолиятини бошлаган. 1941-1942 йилларда урушда қатнашади.

1944-1947 йилларда раҳбарлик ишига ўтади. Самарқанд вилоят партия котиби сифатида фаолият олиб борган.

1947-1949 йилларда “Қизил Ўзбекистон” рўзномасига муҳаррирлик қилади. 1940-1950 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси сифатида ишлаган.

1950-1959 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши раёсатининг раиси, 1959-1983 йилларда Ўзбекистон Компартияси марказқўмининг биринчи котиби бўлиб ишлаган.

Шароф Рашидов раҳбарлик қилган йиллари жаҳон халқлари бошига улкан кулфат келтирган Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг оғир йиллар, 1966 йилда содир бўлган Тошкент зилзиласи ва ундан кейинги чўлни ўзлаштириш ҳамда пахта майдонларини кенгайтириш йиллариги тўғри келган.

У ўн бир марта “Ленин ордени”, икки марта  (1974, 1977) “Меҳнат қаҳрамони Олтин юлдузи” ва Ленин мукофоти совриндори ҳам бўлган.

Шароф Рашидов қобилиятли бошқарувчиликдан ташқари ўз даврининг кўзга кўринган ёзувчиси ҳам бўлган.

Унинг ижоди асосан 30-йилларнинг иккинчи ярмида бошланган бўлиб, дастлаб шеъриятда қалам тебратган. Унинг биринчи шеърий тўплами “Самарқанд куйлари” номи билан босилган. Сўнг эса “Ўлкам”, “Орзуимиз” (1939) каби шеърлари чоп этилган. Улуғ Ватан уруши даврида фашизмга қарши ғалабага етакловчи шеърлар ёзиб, 1945 йилда “Қаҳрим” номи билан тўплам сифатида чоп эттиради. У айни чоғда адабиётшунос ва мунаққид сифатида ҳам қалам тебратган эди. У жанг майдонларида:

Агар жангдан қайтсам орқамга,

Лаънат ўқинг, яшашим бекор.

деган аҳд билан она-Ватан душманларига, фашизмга қарши қаҳр-ғазаб туйғуларини тўкиб сочади.

Шароф Рашидов мақоланавис — публисистликдан камолга етган адиб даражасига кўтарилди. Шунинг учун ҳам унинг бадиий ижоди намуналарида бу руҳ етакчи ўринни эгаллайди. Адибнинг катта наср намуналари бўлган “Ғолиблар”,  “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин” романларида урушдан кейинги Ўзбекистон халқини, тикланиш йилларидаги меҳнат жасоратлари бадиий ифодасини топган.

Ижодкорнинг “Кашмир қўшиги”, “Комде ва Мудан” каби лирик қиссалари анъанавий Шарқ достончилиги услубида битилган бўлиб, ёшлик, баҳор, гўзал ҳаёт нашидаси мадҳига бағишлангандир. Адиб ҳаётининг сўнгги йилларида яратган “Дил амри” қиссаси Иккинчи жаҳон уруши йилларида Белорусь заминида кечган жанг манзаралари, турли миллат жангчиларининг ғалаба йўлида олиб борган ҳаёт-мамот кураши тасвирига багишланган.

Шароф Рашидов ҳам Шўро ҳокимияти даврининг барча давлат арбоблари сингари вафотидан кейин қораланди. Ҳаёти ва ижодини ўрганиш таъқиқланган. Мустақиллик шарофати билан камтарин адиб ва давлат арбобининг номи қайта тикланди. У 1983 йилнинг кузида тўсатдан вафот этди.

Ижтимоий тармоқларда Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган фотосуратларни кузатганимизда улар орасида биринчи учувчи Юрий Гагарин, Куба раҳбари Фидель Кастро билан тушган муратлари юзага чиқади. Улар эса Шароф Рашидовнинг илм маърифат, халқаро муносабатларда мустақил бўлишга уриниши сифатида англаш мумкин.

Read 7167 times

Янгиликлар

Top