Ўзбекистон янгиликлари

«Ҳаж-2024» мавсуми элликбошилари пухта тайёргарлик кўрмоқда

Бу йилги ҳаж мавсумининг бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Шу муносабат билан республикамиз бўйлаб ҳаж зиёратига тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Тошкент, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан ҳаж мавсуми учун бириктирилган гуруҳ раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда ана шу тайёргарлик жараёни таҳил қилиниб, қатнашчиларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Машғулотларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Диний идора Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар домла Камолов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, диний идора вакиллари, имом-хатиблар ва шу соҳа ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда гуруҳ раҳбариларига ҳаж мавсумидаги муҳим вазифалар эслатилди. Зиёратчиларга Исломнинг бешинчи рукни бўлган ҳажга пухта тайёргарлик кўриш, ҳажнинг фарзлари, вожиб ва суннатларини атрофлича тушунтиришлари зарурлиги таъкидланди.
Худди шундай Наманган вилояти вакиллигида Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларидан ҳаж зиёратчиларига бириктирилган гуруҳ раҳбарларига икки кунлик ўқув семинари бошланди.
Ўқув машғулотларида Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов, “Ҳидоя” ўрта маҳсус ислом билим юрти ўқитувчилари ва тажрибали имом-хатиблар гуруҳ раҳбарларига ҳаж амалларини адо этишнинг тартиб-қоидалари, ҳаж қилиш асносида ман этилган амаллардан сақланиш, Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамадаги муборак жойларни зиёрат қилиш одоблари ҳақида маъруза қилдилар. Шунингдек, ҳаж сафарига доир қонунчилик ва бошқа меъёрий ҳужжатларни ҳам пухта билиш ҳам уқтирилди.
Гуруҳ раҳбарлари зиёратчиларга муборак сафар давомида доимо хушмуомала бўлиш, ўзаро ёрдам кўрсатиш, зикру ибодатларни кўпайтириш, беҳуда нарсаларни тарк этиш ҳақида ҳам эслатиб туришлари лозим эканини таъкидлаб ўтилди. Иштирокчилар саволларига маърузачилар томонидан жавоблар берилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 446 times

Янгиликлар

Top