Ўзбекистон янгиликлари

Чин юракдан ишлаш – замон талаби

Бугун, 18 ноябрь куни ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш борасида Давлатимиз Раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишида топширилган вазифалар ижроси ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалалари юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасида диний соҳа ходимлари иштирокида мажлис бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбар ходимлари, уламолар, тажрибали имом-хатиблар ва диний таълим муассасаларининг ўқитувчи ҳамда талабалари иштирок этишди. Йиғилиш Қуръони карим тиловати билан бошланди.

Дастлаб Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов сўзга чиқиб, ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш борасида соҳа ходимларига ҳукумат томонидан етарлича шарт-шароит тайёрлаб берилаётгани, шундай экан, ҳар бир мутасадди шахс ўз ишига бўлган муносабатни тубдан яхши томонга ўзгартириши, ҳар бир маҳалланинг жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик холатларига бутунлай барҳам бериш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифаларни бирма-бир қайд этиб ўтди. О.Юсупов сўзида давом этиб, аёл-қизлар ва ўсмир-ёшлар ўртасида кузатилаётган жиноятлар барчани ташвишга солаётгани, айниқса, қайнона-келин ва эр-хотинлар ўртасидаги мудҳиш ҳолатлар миллатимизга умуман тўғри келмаслигини алоҳида баён этди.

Йиғилишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров сўзга чиқиб, диний соҳа ходимлари аввало оиладаги ёшлар тарбиясини яхшилашга катта эътибор қаратишлари, жума мавъизаларида долзарб мавзуларни халқимизга етказишга чин юракдан ёндошишлари, маҳалла ҳудудида бирор жиноятчи чиқса, имом-хатиб ҳам ўзини айбдор ҳис этиши, мўмин-мусулмон киши бировга заррача зиён етказишдан сақланишини уқтириш жуда ҳам зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мажлисда нутқ сўзлаб, уламолар, имом-хатиблар ва мударрислар олдида турган долзарб вазифаларни бирма-бир белгилаб бердилар. Жумладан, имом-хатиблар ҳар доим одамларга, айниқса, ёшларга ҳар қандай жиноят оғир гуноҳ эканини Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар асосида жонли мисоллар орқали таъсирчан қилиб, тушунтириши зарур эканини алоҳида баён қилдилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари жамиятда илдиз отиб бораётган жуда ҳам хунук иллатларни бартараф этиш борасида фатволар эълон қилиш вазифасини топширдилар.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ва Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулло Турматов нотиқлар томонидан ўқилган маърузалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Йиғилишда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Муҳокама қилинган масалаларни алоҳида мавзулар билан ёритиб борамиз. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 5856 times

Янгиликлар

Top