Ўзбекистон янгиликлари

Хорижга кетаётган юртдошларимиз огоҳликка чақирилди

Бугун дунёда фитналар, бузғунчи ғоялар шунчалар кенг тарқалдики, қайси юртда бўлманг, ёт ғоя тарғиботчилари сизни ўзига даъват қилишга интилади. Бундай ташвиқотларга учмасликнинг ягона йўли огоҳлик ва соф диний маърифатдан бохабар бўлишдир.

Шу мақсадда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида аҳолини турли ёт ғоялар таъсиридан огоҳлантириш мақсадида “Замонавий ва интернетдаги таҳдидлардан огоҳ бўлинг", "Ҳизбут таҳрир фитнасидан огоҳ бўлайлик" ва "Хорижга чиқаётган Ўзбекистон фуқароларига эслатма" каби буклет ва китобчалар мамлакатимиздаги 10 та халқаро аэропорт ва 16 та вокзалларда фуқароларга тарқатилди ва жамоат жойларига ўқиб-ўрганиш учун қўйилди.

Шунингдек, республикамизнинг турли ҳудудларида мазкур долзарб мавзудаги китоб ва буклетлар мазмун-моҳиятига бағишланган 12 та семинар-тренинг ўтказилиб, нотўғри талқин қилинаётган исломий тушунчалар, экстремистик хуружларнинг хусусияти, диний–маърифий сайт ва ижтимоий тармоқлар, ижтимоий тармоқ одоблари, таҳдидлардан ҳимояланиш йўллари тўғрисида тушунчалар берилди.

Матнли, аудио ва видеоматериаллар ОАВларида эълон қилинди. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Интернетдаги таҳдидлардан огоҳ бўлинг!” номли махсус буклет лойиҳаси тайёрланди. Унда экстремистик хуружлар хусусиятлари, таҳдидлардан ҳимояланиш йўллари, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоблари, оқимлар фаолиятига қонуний баҳо бериш кабиларни мухтасар шаклда баён этиш орқали ёшларни замонавий хатарлардан огоҳ этишга оид маълумотлар ифода қилинган.

Шунингдек, диний-маърифий сайт ва ижтимоий тармоқлар, шаръий савол-жавобларга ихтисослашган сайтлар, ижтимоий тармоқлар ҳамда ботлар рўйхати, “Кол-марказ” телефон рақами келтирилган.

Мобил қурилма орқали фойдаланиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Исломда ватан тушунча” китоби, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Дин насиҳатдир”, “Ихтилофлардан сақланайлик” китоблари, Уламолар Кенгашининг “Ҳизбут-таҳрир” фитнасидан огоҳлантириш” номли китоби, muslim.uz сайтидаги “Жаҳолатга қарши маърифат” номли электрон материаллар базаси, диний-маърифий китоблар тўплами ва тегишли қонун ҳужжатларининг QR кодлари берилган.

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 338 times

Янгиликлар

Top