Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатиблар иштирокида семинар-йиғилиш бўлди

Кеча Қарши давлат университетида вилоятдаги 182 та масжид имом-хатиблари, жамоат ташкилот вакиллари ҳамда талаба ёшлар иштирокида “Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар: моҳият ва мақсадлар” мавзуида семинар-йиғилиш бўлиб ўтди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходими К.Шермуҳаммедов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Х.Ишматбеков, вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, вилоят маънавият ва маърифат маркази раҳбари Л.Саодатова, вилоят ИИБ ходимлари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Р.Усмонов, ОАВ вакиллари иштирок этди. Семинарни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Р.Усмонов бошқариб борди.

Семинарда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходими К.Шермуҳаммедов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Х.Ишматбековлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида кўтарилган сиёсий, диний,ижтимоий ва яна бошқа кўплаб соҳалардаги муҳим масалалар ҳақида сўзлаб бердилар. Шунингдек, бугунги кунда диний ходимларнинг ўз устида тинимсиз ишлаши, касбий малакаси ва маҳоратини мунтазам ошириб, мўмин-мусулмонларни ҳалол-покликка, инсоф-диёнатга, бугунги осуда ҳаётимизни қадрлаб яшашга даъват этувчи чинакам тарғиботчига айланиши учун барча шароитлар яратиб берилгани, яқинда ўз фаолиятини бошлаган Самарқанд вилоятидаги ҳадис ва калом мактаблари, Қашқадарёдаги ақида илми мактаби, Фарғонадаги ислом ҳуқуқи мактаби, Бухородаги тасаввуф мактаблари – буларнинг барчаси ана шу эзгу мақсад-муддаонинг рўёби йўлида амалга оширилаётганини тушунтирилди. Шу билан бирга, 2017 йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари олдида турган долзарб масалалар белгилаб берилгани, ҳар бир фуқаро онгида “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган туйғуни шакллантириш ғоят муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги

Матбуот хизмати.

nasafziyo.uz

Read 5590 times

Янгиликлар

Top