Ўзбекистон янгиликлари

Т.Келли: “Ҳаёт ва келажак учун тинчлик қанчалар муҳим”

Бугун, 22 ноябрь куни Америка Қўшма Штатлари Конгресси вакиллари палатаси раҳбари Т.Келли бошчилигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Сенати халқаро алоқалар бўйича қўмита раиси Алишер Курманов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен хоним ҳамроҳлигида Ҳазрати Имом мажмуасига ташриф буюрдилар. Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходимлари кутиб олдилар.
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ҳукуматимиз томонидан миллий ва диний қадриятларни тиклашга катта эътибор қаратилаётгани ҳамда бу борада олиб борилаётган улкан хайрли ишлар тўғрисида меҳмонларга сўзлаб берилди. Жумладан, муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан Ўзбекистонда ислом цивилизацияси маркази ва Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этилаётгани ва ушбу марказларнинг истиқболдаги лойиҳалари баён қилинди. Шунингдек, ушбу марказлар ташкил қилинаётгани юртимиз довруғини, бу заминда туғилиб-ўсган алломаларнинг номларини бутун дунёга таратишда беқиёс аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
Ташриф давомида “Ҳазрати Имом” мажмуасининг барпо этилиши тарихи, мажмуанинг Тошкентда яшаб ўтган улуғ аллома, фақиҳ Абу Бакр Қаффол Шоший номи билан боғлиқ экани, Республикада ислом динининг асл тинчлик ва маърифатпарварлик ғоясини тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Ҳазрати Имом майдонида ўқитувчилари ҳамроҳлигида ўйнаётган болаларни кўриб, Т.Келли ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси П.Спратлен хоним “Ҳаёт ва келажак учун тинчлик қанчалар муҳим экани” тўғрисида фикр алмашдилар.
Меҳмонлар “Мўйи муборак” мадраса музейида сақланаётган “Усмон Қуръони”ни ва бошқа қўлёзмалар, “Бароқхон” мадрасасида жойлашган ҳунармандларнинг ишлари билан ҳам танишдилар.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

ЎМИ матбуот хизмати

Read 4317 times

Янгиликлар

Top