Ўзбекистон янгиликлари

Давра суҳбати “Абу Муин Насафий ойи”га бағишланди

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида “Абу Муин Насафий ойи”га бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, зукко шоир ва моҳир таржимон Мирзо Кенжабек иштирок этиб талабаларга Абу Муин Насафий ҳақида атрофлича сўзлаб берди.

Ўрта асрларда илмнинг турли соҳаларида фаолият олиб борган мутафаккир ва қомусий олим Абу Муин Насафийнинг исми манбаларда кенгайтирилган ҳолда Нажмуддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон ан-Насафий ас-Самарқандий шаклида берилади. “Нажмуддин“ (“диннинг юлдузи“) лақабининг берилишига сабаб унинг ислом илми соҳалари бўйича кўрсатган хизматларининг катта бўлганидир. Насафий Қуръон, ҳадис, ақида ва фиқҳ каби илмларни мукаммал билган, тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ ва шеъриятга доир кўплаб асарларни мерос қолдирган. Самарқанд, Бухоро, Насаф, Бағдод, Марв каби илм марказларида номдор олимлардан дарс олган ва кўплаб шогирдлар етиштирган.

Калом илмида Насафий Имом Мотуридий анъаналарини давом эттирган. У ўзининг билвосита устози Имом Мотуридий таълимотини ихчам шаклга келтириб, мотуридийлик таълимотини кенг ёйишга хизмат қилди. У яратган “Ақоид ан-Насафий“ асари ислом оламида кенг тарқалган бўлиб, унга кўплаб шарҳ ва ҳошиялар ёзилган. Олим каломга оид биргина шу асарни ёзган бўлса-да, унинг илоҳиётчи сифатида шуҳрат қозонишига сабаб жуда қисқа вақтда ислом ақидасини назарий асослаб берганидир.

Суҳбат давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Ш. САИДОВА,

 АРМ  ёрдамчиси

Read 4863 times

Янгиликлар

Top