Ўзбекистон янгиликлари

Хорижлик сайёҳлар учун 30 кунлик сайёҳлик визаси жорий этилди

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси 2018−2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури ижроси доирасида туристик визалар бериш тартибига ўзгартиришлар киритилганини маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 декабрдаги ПҚ-3423-сон “Ўзбекистон Республикасининг Консуллик йиғимлари тарифига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорида қуйидагилар назарда тутилган:

Биринчидан, якка тартибдаги хорижий сайёҳларга 30 кун муддатга бериладиган кириш туристик визалар жорий этилади. Аввал қисқа муддатли (7 ёки 15 кунга) туристик визани олган чет эл фуқаролари бирор сабабга кўра қайтиш рейсининг ушланиб қолиши туфайли кўп ҳолатларда визани узайтириш муаммосига дуч келар эди.

Иккинчидан, якка тартибдаги хорижий сайёҳлар учун кириш туристик визаларини расмийлаштириш нархи учдан бир қисмга (60 доллардан 40 долларга) камайтирилди. Туристик визанинг юқори нархда бўлиши мамлакатга саёҳат қилиш бўйича қарор қабул қилишга тўсиқ бўлувчи омиллардан бири эди.

Учинчидан, гуруҳларга мўлжалланган туристик визани расмийлаштириш учун қуйи чегара икки баробарга (10 дан 5 нафар кишигача) камайтирилди. Аввал сайёҳларга 10 кишилик гуруҳни йиғиш маълум қийинчиликларга олиб келган, сабаби гуруҳ кўп ҳолатларда 5 ёки ундан ортиқ кишидан ташкил топган оила аъзолари ёки яқин танишлар ҳисобидан шакллантириларди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинган қарори қуйидагиларни таъминлайди:

- сайёҳлик визаларини расмийлаштириш билан боғлиқ расмиятчиликни камайтириш ва эҳтимолий туристлар харажатларини камайтириш;

- чет эллик сайёҳлар оқимининг фаоллашиши, шу жумладан кичик гуруҳлардаги туристлар сонининг кўпайиши ҳисобидан;

- 1 ойлик ягона туристик визани жорий этиш ҳисобига сайёҳларнинг республикамиз ҳудудида бўлиш муддатларини узайтиради.

Read 4152 times
Tagged under

Янгиликлар

Top