Ўзбекистон янгиликлари

Муносабат: Ўзбекистон – Афғонистон муштарак мақсадлар сари

Афғонистоннинг тарихи бевосита юртимиз тарихи билан боғлиқ. Афғон давлатчилиги тарихи XVII асрдан бошланган. Бунга қадар бу ҳудуд Турон ва Эрон ҳукмдорлари ўртасида талаш бўлиб келган. Хусусан, араб халифалигига қадар гоҳ туркий ҳоқонлар, гоҳида эса эроний шоҳлар тасарруфида бўлган. Кейинроқ ғазнавий, хоразмшоҳлар, мўғуллар, темурийлар, бобурийлар салтанатининг, Бухоро амирлигининг таркибий қисми саналган.

Афғон халқи – эрк ва ҳурриятга интилган озод халқ. Бу – XIX аср охири ва XX  асрда инглиз мустамлакачиларига қарши олиб борган миллий озодлик кураши мисолида яққол кўзга ташланади.

Эрксевар ва жасур афғон халқи ташқи душманларнинг фитналари оқибатида ички низолар гирдобида қолганига ўттиз йил тўлди. Афғонистонда нотинчлик бошланган кезларда таъсирчан шоиримиз, марҳум Абдулла Орипов: “Ҳолинг нима кечди, жабҳанг қаёқда? Афғон ортидаги ўзбек боласи”, деб ёзган эди.

Ҳақиқатан, ҳолдан тойдирувчи узоқ давом этган ички низолар мард ва жасур афғон халқини чинакам жафокашга айлантирди.

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритган кунлардан бошлабоқ Афғонистонда тинчлик ўрнатиш тарафдор бўлиб келмоқда. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов БМТ бош ассамблеясида сўзлаган биринчи нутқида ҳам бутун дунё эътиборини Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласига қаратган эди...

Шуни унутмаслик керакки, Афғонистонни Ўзбекистон билан боғлаб турадиган жуда ҳам кўп маънавий ришталар ҳам бор. У макондаги бир неча минг йиллик меъморий ёдгорликларни ўзбеклар яратган. У ерда яна миллатимиз қуёши Алишер Навоий ҳазратларининг ва яна бир неча азизлар қабри ҳам бор.  

Тарихий муштаракликни тиклаш, яхши қўшничилик алоқаларини давом эттиришни ният қилган Давлатимиз раҳбари ҳар доим Афғонистон мамлакати ва афғон халқига хайрихоҳ бўлиб келмоқда. Ана шу хайрихоҳлик натижаси ўлароқ Президентимиз Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанини мамлакатимизга таклиф қилди ва куни кеча Афғонистон давлати раҳбари республикамизга расмий ташриф буюрди.

Ташрифнинг иккинчи куни Мустақиллик майдонига борди, Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилди.

Олий мартабали меҳмонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамроҳлик қилдилар.

У мажмуада сақланаётган Усмон мусҳафи ва бошқа тарихий-маърифий ёдгорликларни катта қизиқиш билан томоша қилди. 

Ашраф Ғани Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш борасида олиб бораётган ишларига юксак баҳо берди.

Икки давлат раҳбари мутахассислар иштирокида савдо-иқтисодий, транспорт, транзит, энергетика, кимё, агросаноат, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг Қўшма баёноти имзоланди. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги музокаралар ўта самимий ва дўстона руҳда ўтди. Айниқса, Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг икки томонлама музокаралар якунида ўзбек тилида баёнот бергани кўпчиликнинг диққатини тортди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев афғонистонлик ҳамкасбининг ўзбек тилидаги бу баёнотини олқишлади ва бу икки халқ тарихи, тили ҳамда маданияти бир-бирига жуда яқин эканидан далолат беришини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Музокаралар сўнггида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 20 ҳужжат имзоланди. Хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссия тузиш, Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш, Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини барпо этиш, юк ташиш, божхона соҳасидаги алоқалар тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир. 

Ташриф доирасида умумий қиймати 500 миллион доллардан зиёд бўлган 40 дан ортиқ экспорт шартномаси имзоланди. 

Президентлар оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда бўлиб ўтган музокаралар ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар. 

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводига ҳам ташриф буюрди.

Афғонистон делегацияси мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган енгил ва юк машиналари, қишлоқ хўжалиги техникалари, маиший ускуналар ва бошқа саноат маҳсулотлари билан танишди.

Тадбирда самимий дўстлик муносабатларининг ифодаси сифатида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 25 дона «Isuzu» русумли автобус ва «New Holland» маркали 3 та трактор Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан биродар Афғонистонга ҳадя этилгани эълон қилинди.

Муҳаммад Ашраф Ғани кеча Бухорода бўлди. 

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, олий мартабали меҳмонни Бухоро халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси бош вазири А.Арипов ва Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев кутиб олди. 

Афғонистон президенти Бухоро давлат университетида профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан учрашади ва улар олдида маъруза қилади ҳамда Муҳаммад Ашраф Ғани бошчилигидаги делегация аъзолари Бухоронинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилади. 

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани раҳбарлигидаги делегациянинг мамлакатимизга расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларда янги уфқларни очади. Маълумки, Афғонистон жойлашув ўрнига кўра, геополитика нуқтаи назаридан  муҳим стратегик ҳудуд саналади. Чунончи, у бизни денгизга олиб чиқадиган йўлнинг устидадир. Ушбу давлатда тинчлик қарор топса ва у барқарор ривожланиш йўлига кириб олса, бундан нафақат, Ўзбекистон ёки унга қўшни давлатлар, балки бутун олам манфаатдордир. Зеро, Шайх Саъдий ҳазратлари айтганидек, жами олам бир аъзодир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

 

Read 5291 times

Янгиликлар

Top