Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги салоҳияти Малайзияда намойиш этилади

Ўзбекистон – Яратган суйган замин. Бу диёрдан дунё тамаддунига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган қанчадан-қанча буюк олимлар етишиб чиққанки, улар қўним топган муборак жойлар, улар қурдирган муҳташам биноларни кўпчилик ўз кўзи билан кўргиси келади. Шу нуқтаи назардан қараганда,  Ўзбекистон зиёрат туризми бўйича катта имконият ва салоҳиятга эга мамалакат ҳисобланади.

 

Юртимиздаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар зиёратига хорижий сайёҳларни жалб қилиш мақсадида, бугунги кунда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ўзаро ҳамкорликда хорижий мамлакатларда юртимизнинг туризм салоҳиятини намойиш этиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида қатор учрашувлар ўтказишмоқда.

 Зиёрат туризм соҳасида хорижий мамлакатлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон делегацияси қатор халқаро ташрифларни амалга оширмоқда. Шундай ташрифлардан бири Малайзияга амалга оширилди.

 Малайзияга йўл олган Ўзбекистон делегация таркибидаги вакилларимизнинг хабар беришича, улар кеча, 13 декабрь куни Куала-Лумпур халқаро аэрапортига етиб боришган.

 Бугун, 14 декабрь санасида делегациямиз Малайзияда турли учрашувлар ва музокаралар ўтказади.

 Эрта тонгдан ташкил этилган ҳукуматга қарашли бўлган “Табунг ҳажи” жамғармаси вакиллари билан ўтказилган тадбир самарали ўтгани маълум қилинди. Ушбу жамғарма Малайзияда ҳаж зиёрати масалалари билан шуғулланади.

 Музокаралар якунида вакилларимиз хорижлик ҳамкорларимизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонидан тақдим этилган совғаларни топширдилар.

 

Аввалроқ, “Travel Turkey Izmir-2017” халқаро сайёҳлик кўргазмаси ўз ишини бошлагани ва ушбу кўргазмада Ўзбекистон делегацияси биринчи маротаба иштирок этаётгани ҳақида хабар берган эдик.

 Бундан ташқари, зиёратчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида ислоҳотлар ўтказилмоқда. Шулардан бири сифатида Тошкент халқаро аэропортида намозхона ташкил этилганини келтириб ўтиш ўринлидир.

 2018 йилнинг 1 январидан ҳар бир меҳмонхонанинг умумий хоналар сонининг камида ўндан бирида Қуръони карим, ибодат қилиш учун жойнамоз ҳамда камида 30 фоизида қибла кўрсатгичи бўлиши талаби ўрнатилган эди.

Read 4461 times

Янгиликлар

Top